Bog'lanish

Telefon
(372) 223-53-58

Elektron manzil
jizzax@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni1008

Янгиликлар

04

Прописка тизимидаги ўзгаришлар ҳақида хабардормисиз ?


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мамлакат ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш борасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш кафолатларини мустаҳкамлаш мақсадида 2020 йил 22 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5984-сонли “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Аслида прописка бўйича ислоҳотлар 2020 йилдан бошланмаганини ҳаммамиз яхши биламиз. Президентимизнинг сиёсий иродаси туфайли бу масала Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Давлат дастурларида ўз аксини топган бўлиб, стратегик жиҳатдан қабул қилинаёган барча соҳадаги қарорлар ва ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида майдонга чиқди. 

         Бу ислоҳот мамлакатдаги мавжуд миграцион ҳолатни жадаллаштиришга қаратилгани билан янада аҳамиятлидир. Янги иш ўринлари ташкил этилиши, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, турар жой ва тегишли инфратузилмаларни яратиш ва бошқа соҳаларни ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқ жараён эканини ҳам унутмаслигимиз керак. 

         Шу ўринда Ўзбекистонда ўтган уч йилда мазкур соҳада амалга оширилган айрим ислоҳотларни айтиб ўтсак. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги қарорига мувофиқ, вақтинча ёки доимий пропискасиз яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик, вояга етмаган шахснинг белгиланган муддатда паспорт олмагани учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинди, шунингдек, пойтахтда доимий ёки вақтинчалик пропискасиз бўлган шахсни ишга қабул қилишни рад этиш мумкинлигини назарда тутувчи норма ҳам чиқариб ташланди. Мавсумий иш билан шуғулланиш (қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ишлар) учун келган фуқароларни ҳисобга қўйишнинг соддалаштирилган тартиби белгиланди. Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган жисмоний шахслар янги қурилган кўчмас мулкни банк ҳисобварақлари орқали ҳисоб-китоб қилиш йўли билан сотиб олиши ва давлат рўйхатидан ўтказиши мумкинлигибелгиланди. 

         Шу ўринда айтиш керакки, прописка соҳасидаги ислоҳотлар коррупцияни келтириб чиқарадиган ҳолатларга барҳам беради.

           Фармонга кўра, республиканинг бошқа ҳудудларида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон фуқаролари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларни сотиб олиб, уч йил ичида сотган ҳолатларда давлат божининг алоҳида ставкаларини қўллаш тартиби бекор қилинмоқда.

           Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳар қандай кўчмас мулкни олишда ушбу ҳудудларда доимий рўйхатда бўлиш шартига боғлиқ қоидалар чиқариб ташланмоқда. Олдинги тартибга кўра, бошқа вилоятларда доимий пропискада бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Тошкент шаҳри ва вилоятида фақат янги қурилган уй-жойни сотиб олиш ҳуқуқига эга эди.

           Бундан ташқари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшаш жойи бўйича доимий рўйхатда туриш тартибини ички ишлар органларига бормасдан туриб, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга ошириш механизми жорий этилмоқда.      Шунингдек, аризачи ўзига қулай ва яқин бўлган ички ишлар органига бориб, шу куннинг ўзида доимий рўйхатни расмийлаштириш имконияти яратилмоқда. Ҳозирги кунга қадар фуқаролар доимий пропискани расмийлаштириш учун шу манзилга хизмат кўрсатувчи ички ишлар органига шахсан бориши ва ҳужжатларни тақдим этиши лозим эди. Шунингдек, доимий пропискани уч иш кунида расмийлаштириш белгиланган бўлиб, фуқароларга тегишли хизматлар тезкорлик билан кўрсатилмасдан келинган. 

Эндиликда тегишли идораларга бормасдан туриб, масофадан электрон тарзда ҳужжатлар топшириш ва рўйхатдан ўтиш имкониятлари кенгайтирилмоқда. 

   Фуқароларга яшаш жойи бўйича доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиётидан воз кечилмоқда ва доимий рўйхатга эга бўлиш жараёнлари рақамлаштирилмоқда. Доимий прописка фуқаронинг паспортига штам ва гербли муҳр, уй дафтари ёки хонадон карточкасига штамп босиш орқали амалга ошириб келинган, бунинг учун фуқаро уй дафтари сотиб олиши ёки хонадон карточкаси юритиши ва ўзи билан олиб юриши лозим эди.

Ўзбекистонда прописка тизимидаги муаммолар шубҳасиз барҳам топади. Сабаби биз олдимизга қўйган энг олий мақсад – юрт фуқаролари ҳуқуқларини чеклаш эмас, балки уларнинг юқори даражада мобиллиги ва эркин ҳаракатланишини таъминлаш, шу орқали аҳолининг турмуш даражаси ортишига салмоқли улуш қўшадиган омиллардан бири – урбанизация жараёнларини жадаллаштиришдир.

Зафаробод туман адлия бўлими

бош маслаҳатчиси                                                     Хабибулла Норхўжаев