САЛОМАТЛИК — бу нафақат соғ-саломат юриш дегани, балки узоқ умр кўриш гарови ҳамдир. Туғилиш, ўсиб-улғайиш, вояга етиб, шахсий ва умуминсоний манфаатлар йўлида фаолият кўрсатиш, қариш-қартайиш ва ўлим — булар инсон ҳаёт йўлининг мезон бекатларидир.
Ҳаёт учун кураш — саломатлик учун кураш эканлигини англашни тақозо этади.
Бугунги кунда бутун дунёда саломатлик ва соғлом турмуш тарзига катта эътибор берилмоқда.
Мустаҳкам оилада соғлом турмуш тарзини барқарорлаштиришга қаратилган барча саъй-ҳаракатларимиз ислоҳотларимиз стратегиясига мос бўлиб, юртимизда тинчлик, тотувлик ҳамда тараққиётга, ёш оилаларнинг мустаҳкамлигига қўшилган ҳисса бўлади. Бунда мамлакатимизда амалга оширилаётган қатор хайрли тадбирлар, жумладан, келин-куёвларни никоҳ олдидан тиббий кўрикдан ўтказиш амалиёти жуда катта ижобий самара бермоқда.
Оила кодексининг 17-моддасида ёш келин-куёвлар никоҳгача тиббий кўрикдан ўтишлари белгилаб қўйилди.
Оила кодексига бу модданинг киритилиши, имонли, инсофли ва яхши ниятли инсон учун оила қуриш, унинг пойдеворини мустаҳкам бўлиши йўлида қайғуриш асосий вазифа эканлигини яна бир бор таъкидлашдан иборат. Ота-она бўлиш масъулияти, ўзидан соғлом зурриёт қолдириш, уни соғ-саломат қилиб вояга етказиш ҳар бир ота-онанинг нафақат вазифаси, балки қонун олдидаги бурчи ҳамдир.
Айниқса, бугунги бозор муносабатлари шароитида ҳар бир оила аъзосининг соғлом бўлиши, янги туғилган фарзанднинг соғ-саломат улғайиши қанчалик муҳим иқтисодий ҳамда маънавий масала эканлигини ҳамма тушуниб етмоқда.
2013 йилда Жиззах вилоятида 12 мингга яқин никоҳ бевосита никоҳланувчилар тиббий кўрикдан ўтказилгандан кейин қайд этилган бўлиб, 27 мингдан ортиқ болалар туғилиши рўйхатга олинди.
Шунингдек, оилалар соғлом бўлиши, туғилаётган фарзандларнинг соғ-саломат ўсиб-улғайиши ва уларнинг етарли даражада ижтимоий-иқтисодий таъминотини кучайтиришнинг асосий мезони ҳисобланган оилаларнинг иш билан бандлигини таъминлашга вилоятимизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Президентимизнинг “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарорлари мамлакатимизда оилаларнинг ижтимоий барқарорлиги, фаровонлиги йўлида олиб борилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини янада оширди.
2014 йил мамлакатимизда “Соғлом бола йили”, деб эълон қилиниши фарзандларимизнинг комил инсон бўлиб вояга етиши, оилалардаги таълим-тарбия, маънавий-маърифий дунёқарашни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш йўлидаги ишларга кенг имкониятлар очади.
Шарофиддин МУСАЕВ, Жиззах вилояти адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари