Фарзанд камоли – юрт истиқболи

Она ва бола саломатлиги доимо давлат ва жамият эътиборида бўлиб келган ва бўлмоқда. Аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини оширишга катта эътибор қаратилмоқда

Оиланинг мустаҳкамлиги кўпгина омилларга, жумладан улардан асосийси – она ва боланинг саломатлигига боғлиқдир. Она соғлом бўлсагина, ундан жисмоний ва ақлий жиҳатдан соғлом фарзанд дунёга келади. Аёлнинг болалик, ўсмирлик давриданоқ репродуктив саломатлигига катта аҳамият бериш масъулиятли вазифа ҳисобланади.

Энг аввало, она саломатлиги ва фарзандлар соғлиги, уларнинг ривожланиши ҳозирги кунда энг муҳим масала ҳисобланмоқда. Саломатликни сақлаш энг аввало, ҳар бир инсоннинг ўз қўлида эканлиги. Соғлом онадан соғлом фарзанд дунёга келиши бежиз такрорланмаяпти.

Мухтарам Президентимиз томонидан жорий йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши ва бу юзасидан давлат дастурининг қабул қилиниши ҳам энг аввало она ва бола саломатлиги муҳим ва аҳамиятга эга эканлигини яққол ифодалаб турибди.

Жиззах вилоят адлия бошқармаси ҳамда ФҲДЁ органлари томонидан мунтазам равишда аҳолининг тиббий маданиятини ошириш ва соғлом оилани шакллантириш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никохларни олдини олиш, оила муқаддаслиги, яқин қариндошлар ўртасида никоҳ тузиш-туғма ва ирсий касаллиликлар манбаи эканлиги тўғрисида чекка туманларда яшовчи аҳоли ўртасида кенг тарзда кўрсатилган жадвал асосида учрашув, давра суҳбатлари, мулоқотлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Зомин тумани ФҲДЁ органи томонидан 2015 йилда 
20 марта давра суҳбатлари, 25 марта учрашувлар ўтказилган бўлса жорий йилда эса давлат дастури доирасида бу кўрсатгич бундан ҳам оширилиши мўлжалланмоқда.

ФҲДЁ органи туманнинг чекка ҳудудларида хотин-қизлар қўмитаси, соғлиқни сақлаш бўлими, маҳалла жамғармаси билан ҳамкорликда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришмоқда. Оила муносабатлари, қонуний оиланинг аҳамияти, унда эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, қариндошлар ўртасида туғилган фарзандларнинг келажаги, соғлиғи борасида аҳолига содда ва тушунарли тарзда, ҳаётий мисолларни келтирган ҳолда, буклетлар тарқатилмоқда.

ФҲДЁ органи маҳалла маслаҳатчилари билан биргаликда эрта никох, қариндош-уруғлар ўртасида тузилаётган никохларни олдини олиш мақсадида кенг жамоатчилик иши йўлга қўйилган.

Қариндошлар ўртасидаги никоҳлар тузилаётганидан хабардор бўлган ҳолларда, маҳалла маслаҳатчилари билан биргаликда, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, келажак фарзандлари соғлиғига таъсири борасида, наинки ёшларга, балки ота-оналарига ҳам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ана шундай тушунтиришлар натижасида тумани ФҲДЁ органи томонидан 2015 йилда 10 та, жорий йил давомида 3 та эрта никоҳларнинг олди олинди.

ФҲДЁ органи тарғибот ишларидан ташқари, маҳалла маслаҳатчилари билан биргаликда юришиб, никохдан ўтмасдан шаръий никоҳ билан яшаб келаётган фуқароларнинг сони ва рўйхатини аниқлаб, уларнинг қонуний никохдан ўтмасдан яшаб келаётганлиги сабаби аниқлаштирилиб, қонуний никоҳларини қайд этиш масалалари ҳал этилмоқда.

Кейинги пайтларда никоҳгача тиббий кўрикнинг келажак авлод учун зарурлиги, касаллик аниқланган ҳолатларда даволаниш курсларини ўтаб, кейин никоҳ тузиш бўйича кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Аҳоли ўртасида, айниқса хотин-қизлар ва никоҳдан ўтувчи ёшлар орасида соғлом оила қуриш, соғлом болалар туғилиши ва тарбиялаш масалалари юзасидан тизимли асосда тушунтириш ишларини ташкил этиш юзасидан ФҲДЁ органи туман хотин қизлар, соғлиқни сақлаш, ички ишлар бўлимлари, маҳалла жамғармалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган иш режа асосида “Ёш оила қурувчилар” мактаблари ташкил этилиб, ўз фаолиятини жойлардаги ўрта-махсус ва касб ҳунар коллежлари битирувчи талабалари билан ҳар ойда бир маротаба суҳбат уюштиришмоқда.

Ушбу мактабни ташкил этишдан мақсад коллеж талабаларини ҳуқуқий онгини ўстириш, Оила қонунчилиги, унинг аҳамияти, соғлом турмуш тарзи борасидаги етарли маълумотларни бериш, оила ҳақидаги тушунчаларини кенгайтириб, оила жамият устуни эканлигини тушунтира билишдан иборат.

Жорий “Соғлом она ва бола йили”да ҳам болалар ва ўсмирларни камол топтириш, жисмонан соғлом ва маънавий баркамол авлодни шакллантириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида соғлом ҳаёт тарзини янада тарғибот қилувчи, болалар ва ўсмирларни фаол жисмоний тарбия машғулотларига жалб этиш, уларни спорт секциялари ва сайёҳлик тўгаракларига қизиқтиришни кўзда тутувчи чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Сайёра Хоринова, Зомин тумани ФҲДЁ органи мудираси в.б.


Рўйҳатга қайтиш