Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур Соғлом она ва бола йили” давлат дастури юзасидан тахлилий маълумот

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан асосий қонунимиз Конституция қабул қилинганлигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимда анъанага мувофиқ 2016 йил — “Соғлом она ва бола йили”, деб эълон қилинди.

2016 йилга бундай ном берилиши бежиз эмас, албатта. Янги йилга муайян ном беришдан асосий мақсад маълум бир соҳага барча давлат ва нодавлат ташкилотлар, корхоналар, муассасалар ва жамоатчилик эътиборини қаратиш, уларнинг куч ва имкониятларини сафарбар этишдан иборатдир. “Соғлом она ва бола йили”нинг асосий мақсади ҳам айнан жисмоний соғлом, маънавий етук ва ҳар томонлама баркамол ёш авлодни вояга етказиш борасидаги вазифаларни амалга оширишда жамият ва давлатимизнинг куч ва имкониятларини сафарбар этишга қаратилган.

Мустақиллигимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб жисмоний ва маънавий етук ёш авлодни шакллантириш давлат сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бири сифатида қараб келинмоқда.

Она ва бола саломатлиги доимо давлат ва жамият эътиборида бўлиб келган ва бўлмоқда. Аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини оширишга катта эътибор қаратилмоқда

Президентимиз мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида қайд этганидек, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида кейинги беш йилда юртимизда ҳар 100 минг нафар чақалоққа нисбатан оналар ўлими 23, 1 дан 19 тага, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими 14,8 дан 13,9 тага, чақалоқлар ўлими 11 тадан 10,7 тага камайди. Энг муҳими, ушбу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришди. Мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасига ҳар йили сарфланаётган харажатлар ялпи ички маҳсулотга нисбатан 10-12 фоизни ташкил этади. Бу ЮНЕСКОнинг мамлакатни барқарор ривожлантиришни таъминлаш учун таълимга йўналтирилиши зарур бўлган инвестициялар миқдори бўйича тегишли тавсияларидан, яъни 6-7 фоиздан қарийб 2 баробар кўпдир.

Спорт мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялашнинг энг муҳим ва кучли омили бўлиб келмоқда. Чунки спорт — бу аввало, соғлом авлод, соғлом келажак дегани. Бинобарин, давлатимиз раҳбари қайд этганидек, фақат соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир бўлади. Бу борада Президентимизнинг 2002 йил 24 октябрдаги Фармони билан Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси тузилиб, унинг асосий вазифалари сифатида — болалар жисмоний тарбия ва спортини ривожлантириш борасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга, болалар спортини аниқ мақсад йўлида ва барқарор авж олдиришга кўмаклашиш, аввало, қишлоқ жойларда болалар жисмоний тарбия ва спортининг моддий базасини шакллантириш, аҳоли манзилгоҳларида замонавий болалар спорт комплекслари тармоғини барпо этиш, уларни замонавий спорт ускуналари ҳамда анжомлари билан жиҳозлаш белгиланди.

Хусусан, 2015 йилда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 225 миллиард сўмдан ортиқ 35 та намунавий спорт объекти, 12 та сузиш ҳавзаси, 174 та мактаб спорт зали фойдаланишга топширилди.

Яратилган замонавий шарт-шароитлар натижасида бугунги кунда юртимизда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг 57,2 фоизи, жумладан, қишлоқ жойларда 56 фоизи спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.

2015 йилда Республикамиз ёшлари жаҳон, Осиё чемпионатлари ва бошқа халқаро турнирларда 860 дан ортиқ медалларни қўлга киритгани барчамизни қувонтиради.

Шу билан бирга, болалар ва ёшлар ҳуқуқларига оид миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқ равишда такомиллаштириш, бу борада қабул қилинган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш масаларига ҳам эътибор берилмоқда.

Айтиш керакки, Президентимиз томонидан юртимизда 2016 йилнинг “Соғлом она ва бола йили”, деб эълон қилиниши ва 2016 йил 9 февралдаги Қарор билан тасдиқланган Давлат дастурининг амалга оширилиши доирасида “Оила”, “Соғлом авлод”, “Оналар ва болалар”, “Сиҳат-саломатлик”, “Ёшлар”, “Баркамол авлод”, “Мустаҳкам оила”, “Обод турмуш”, “Соғлом бола йили” йилларида бажарилган кенг кўламли ишларни давом эттириш, соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш бўйича яратилган ўзига хос “миллий тизим”ни янада ривожлантириш имконини беради.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлодни шакллантириш учун қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, бу борада қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга қаратилган янги қоида ва меъёрларни ишлаб чиқиш белгиланган бўлиб, унда 15 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш назарда тутилган, 2016 йилда Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган 90 га яқин тадбир учун жами 7483,3 миллиард сўм ва эквивалентда 194,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

2016 йилнинг “Соғлом она ва бола йили”, деб эълон қилиниши адлия органлари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Бинобарин, норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш давомида, биринчидан, “Соғлом она ва бола йили” давлат ва тармоқ дастурларида назарда тутилган тадбирлар ижросини тўлиқ таъминлаш; иккинчидан, норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш ва Давлат дастурида белгиланган янги қонун ҳужжатлари лойиҳалари бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш; учинчидан, никоҳга кирувчи шахслар ўртасида никоҳга киришга қадар мажбурий тиббий кўрикдан ўтишнинг зарурлиги тўғрисида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш; тўртинчидан, оилаларда соғлом турмуш тарзини юритиш, ирсий ва туғма касалликлар профилактикаси бўйича тиббий ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган тарғибот ишларини амалга ошириш муҳим вазифалар сифатида белгилаб олинган.

Жиззах вилоят адлия бошқармаси ҳамда ФҲДЁ органлари томонидан мунтазам равишда аҳолининг тиббий маданиятини ошириш ва соғлом оилани шакллантириш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никохларни олдини олиш, оила муқаддаслиги, яқин қариндошлар ўртасида никоҳ тузиш-туғма ва ирсий касаллиликлар манбаи эканлиги тўғрисида чекка туманларда яшовчи аҳоли ўртасида кенг тарзда кўрсатилган жадвал асосида учрашув, давра суҳбатлари, мулоқотлар олиб бормоқда.

Жумладан, Зафаробод тумани ФҲДЁ органи томонидан жорий йил давомида давлат дастури доирасида туманнинг чекка ҳудудларида хотин-қизлар қўмитаси, соғлиқни сақлаш бўлими, маҳалла жамғармаси билан ҳамкорликда 25 марта давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилди.

Ўтказилган тадбирларда оила муносабатлари, қонуний оиланинг аҳамияти, унда эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, қариндошлар ўртасида туғилган фарзандларнинг келажаги, соғлиғи борасида аҳолига содда ва тушунарли тарзда, ҳаётий мисолларни келтирган ҳолда, буклетлар тарқатилмоқда.

Шунингдек, маҳалла маслаҳатчилари билан биргаликда эрта никох, қариндош-уруғлар ўртасида тузилаётган никохларни олдини олиш мақсадида кенг жамоатчилик иши йўлга қўйилган бўлиб, қариндошлар ўртасидаги никоҳлар тузилаётганидан хабардор бўлган ҳолларда, маҳалла маслаҳатчилари билан биргаликда, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, келажак фарзандлари соғлиғига таъсири борасида, наинки ёшларга, балки ота-оналарига ҳам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, ана шундай тушунтиришлар натижасида туманда 10 дан ортиқ эрта никоҳларнинг олди олинди.

Шуни эътироф этиш керакки, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган баркамол авлодни тарбиялаш масаласи нафақат давлат органлари, жамоат ташкилотлари ва муассасаларининг вазифаси, балки келажак олдидаги масъулиятни ҳис қилган ҳолда ҳар бир оила, ота-она, қолаверса, ҳар бир шахснинг асосий ва доимий бурчидир.

Г.Хайдарова, Зафаробод тумани ФҲДЁ бўлими мудираси


Рўйҳатга қайтиш