16

“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонунининг мазмунва моҳияти


Мамлакатимизни демократик янгилашнинг бугунги босқичдаги энг муҳим йўналишларидан бири бу – қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилгандир. Ҳар бир фуқаро Конституция ва Қонунларга сўзсиз риоя қилиши демократиянинг асосий тамойилларидан ҳисобланади. қонунларга ҳурмат, итоатгўйлик эса, энг аввало, ҳуқуқий маданият даражасига боғлиқ.

Халқимизда “Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал” деган пурҳикмат нақл бор. Албатта, болага ёки бўлғуси ҳуқуқбузар-жиноятчига унинг муайян хатти-ҳаракати ғайриижтимоий хулқ-атвор ёхуд ҳуқуқбузарлик эканлиги, унинг оқибатлари тушунтирилса, содир этилиши мумкин бўлган кўнгилсизликнинг олди олинган бўлади. Жорий йилнинг 15 августидан кучга кирадиган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мақсади мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган бўлиб, келгусида юзага келаётган ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган.

Таъкидлаш жоизки, мазкур Қонунга кўра, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси деганда ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга барҳам бериш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш мақсадида қўлланиладиган ҳуқуқбузарликлар умумий, махсус, якка тартибдаги ва виктимологик профилактикасининг ҳуқуқий, ижтимоий, ташкилий ва бошқа чора-тадбирлари тизими тушунилади.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий принциплари сифатида қонунийлик, инсонпарварлик, тизимлилик, ишонтириш усулининг устуворлиги, таъсир кўрсатиш чора-тадбирларини фарқлаш ва якка тартибдаги ёндашиш белгиланган.

Қонунда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлайдиган идораларнинг рўйхати кенгайтирилди. Улар қаторига, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан анъанавий тарзда шуғулланувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бирга меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, таълим, соғлиқни сақлаш тизимини давлат томонидан бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари киритилди. Чунки у ёки бу шахснинг ҳуқуқбузар бўлиб етишишига таълим-тарбиянинг яхши йўлга қўйилмаганлиги, таълим олувчилар бўш вақтининг мақсадли ташкил қилинмаганлиги, шунингдек таълим муассасасини битиргандан сўнг иш билан таъминланмаслик каби омиллар таъсир ўтказади.

Бундай камчиликларга йўл қўймаслик мақсадида Қонунда таълим, соғлиқни сақлаш муассасаларининг ички ишлар органлари билан ҳуқуқбузарликлар профилактикасидаги ҳамкорлигининг аниқ механизмлари белгилаб берилган. Хусусан, Қонуннинг 17-моддасига кўра, таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари ички ишлар органларига ҳуқуқбузарликлар фактлари ҳақида, одамларнинг ҳаётига ёки соғлиғига таҳдид соладиган оилавий-маиший низолар тўғрисида ва оилавий-маиший муносабатлар соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида, таълим олувчи шахс ғайриижтимоий хулқ-атворга ва ҳуқуқбузарликлар содир этишга жалб этилганлиги ҳақида, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган шахслар ҳақида хабар қилиши шартлиги мустаҳкамланган.

Қонуннинг 18-моддасида эса соғлиқни сақлаш тизимини давлат томонидан бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари ички ишлар органларига ижтимоий аҳамиятли касалликлар ва атрофдагилар учун хавф солувчи бошқа касалликлар тарқалганлиги ҳақида, баданига шикаст етган ёхуд беҳуш ҳолатда бўлган шахслар келиб тушганлиги ёки мурожаат этганлиги ҳақида, одамларнинг ҳаётига ёки соғлиғига таҳдид соладиган оилавий-маиший низолар тўғрисида ва оилавий-маиший муносабатлар соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида, вояга етмаган шахс ғайриижтимоий хулқ-атворга ва ҳуқуқбузарликлар содир этишга жалб этилганлиги ҳақида, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ҳақида хабар қилиши шартлиги белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Қонун ҳуқуқбузарликлар профилактикасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат тижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг иштирок этишига рухсат беради. НТТ ва фуқаролар ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи органлар ва муассасаларга кўмаклашиш ҳамда зарур ёрдамни кўрсатиш йўли билан ҳуқуқбузарликлар профилактикасида иштирок этиши мумкинлиги белгилаб қуйилди.

Шу билан бирга, Қонунда ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси, уни қўллаш шартлари ва асосларига алоҳида урғу берилган. Бунда ғайриижтимоий хулқ-атворли, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни аниқлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ва уларга тарбиявий таъсир кўрсатишга доир фаолиятни назарда тутилган.

Ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси чора-тадбирлари сифатида профилактика суҳбати, расмий огоҳлантириш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитлар тўғрисида хабардор қилиш, ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш, профилактик ҳисобга олиш, мажбурий даволанишга юбориш, мажбурий назорат ва бошқалар белгиланган.

Қонунга асосан, ўзига нисбатан ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси чора-тадбирлари қўлланилаётган шахслар ўзига нисбатан қўлланилаётган ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси чора-тадбирларининг асослари ва ҳуқуқий оқибатларини билишга, ўзига нисбатан тўпланган ҳужжатлар ва бошқа материаллар билан танишишга, илтимослар қилишга, юридик ёрдам олишга, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органнинг ёки муассасанинг қарорлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли эканликлари қатъий белгилаб қуйилди.

Қонун ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари чекланишига, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалада бўлишга, шахсий ҳаёт, ёзишмалар, телефонда сўзлашувлар, почта, телеграф хабарлари ва бошқа хабарлар сир сақланиши, бир жойдан иккинчи жойга эркин кўчиш ва яшаш жойини танлаш, шунингдек шахсий дахлсизлиги, уй-жой дахлсизлиги бузилишига йўл қўймайди (бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно).

Ўзига нисбатан профилактика чора-тадбирлари қўлланилаётган шахслар ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органнинг ёки муассасанинг қарорлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда шикоят қилишга ҳақли.

Умуман, Қонун ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши умумий курашиш имкониятини кучайтиради, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигига, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳамда итоатгўйлик кўникмасини мустаҳкамлашга ижобий таъсир этади.

Бир сўз билан айтганда мазкур Қонун фуқароларга уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга, турли тажовуз ва таҳдидлардан муҳофаза қилинган ҳолда тинч-осойишта ҳаёт кечиришга, иш билан таъминланиш кафолатларини кучайтиришга, таълим олувчи шахсларнинг бандлиги ва бўш вақтини мароқли ўтказилишини таъминлашга, соғлом турмуш тарзини кечиришларига кўмаклашишга хизмат қилади.

У.Маҳмудов, Адлия вазирлиги масъул ходими