Bog'lanish

Telefon
+998 72 221 50 50

Elektron manzil
jizzax@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni1008

Yangiliklar

20
''Ёш чегарачилар'' ҳарбий-академик лицейи ташкил этилди.

Ёшларни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик, она Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини янада ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тизимида Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида «Ёш чегарачилар» ҳарбий-академик лицейи ташкил этилди.

Қуйидагилар лицейнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

ўқувчиларда халқимизнинг маънавий-маърифий қадриятларига, унинг маданияти ва урф-одатларини чуқур ҳурмат қилиш, уларда ҳалоллик, ватанпарварлик, садоқат, фидокорлик сингари шахсий хислатларини, шунингдек, миллий ғурур туйғуларини шакллантириш;

халқимизнинг тарихи ва бой маданияти, буюк аждодларимизнинг, энг аввало, Амир Темурнинг бебаҳо мероси, Ватан озодлиги ва фаровонлиги йўлида ўзини қурбон қилган замондош ватандошларимизнинг қаҳрамонлиги асосида Ўзбекистон халқига содиқ, қатъий ҳаётий қарашлар ва фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ўқувчиларни тарбиялаш;

ўқувчиларда кенг дунёқараш, интеллектуал салоҳият, ижодий ва таҳлилий фикрлашни ривожлантириш, табиий ва аниқ фанлар, хорижий тиллар ва замонавий ахборот технологиялари бўйича мустаҳкам билимларни шакллантириш, шунингдек, уларга ҳарбий ишдаги бошланғич билимларни сингдириш;

нотиқлик ва етакчилик хислатларига эга, жисмонан ривожланган, чидамли, мард ва жасур Ватан ҳимоячиларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида республиканинг олий, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқишга кириши учун муносиб номзодларни тайёрлаш.

лицейда ўқув жараёни давомийлиги икки йил бўлиб, йиллик қабул квотаси 100 нафарни ташкил этади;

Лицейга умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактаб-интернат мактабларининг 9-синфини тамомлаганлик тўғрисидаги шаҳодатномага эга, соғлиғининг ҳолатига кўра ўқишга яроқли деб топилган ҳамда ҳаққоний ва шаффофлик тамойилларига асосланган саралаш танловидан муваффақиятли ўтган, Ўзбекистон Республикасининг эркак жинсли фуқаролари ўқишга қабул қилинади.

Саралаш танлови дастлабки танлаш, ҳарбий-касбий танлов ва тест синовларидан иборат бўлади.

Улмас АБДИЕВ

Жиззах вилоят адлия бошқармаси, бўлим бошлиғи

19
Президент Фармони мазмун-моҳияти

“Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
Президент Фармони мазмун-моҳияти

I. Фармоннинг мақсади

Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш ҳамда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш орқали тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун янада кенг шарт-шароитларни яратиш.

II. Фармоннинг мазмун-моҳияти

2021 йил 1 январдан бошлаб:

37 та лицензия ва 10 та рухсатнома бекор қилинади;

16 та лицензия ва 11 та рухсатнома бирлаштириш йўли билан бекор қилинади;

17 та лицензия ва 13 та рухсатномалар хабардор қилиш тартиби жорий этилиши йўли билан бекор қилинади;

14 та турдаги лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш муддатлари қарийб 2 бараварга қисқартирилади;

115 та лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартиб-таомиллари янада соддалаштирилади.

Фармонга кўра, хабардор қилиш тартиби жорий этилган фаолият (ҳаракат) учун расмийлаштирилган лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилиши ўз кучида қолади ва ушбу фаолият (ҳаракат)ни амалга ошириш учун ваколатли органни хабардор қилиш талаб этилмайди.

2021 йил 1 январдан бошлаб:

туризм фаолиятини лицензиялашда туроператорлар хизматларини сертификатлаш ихтиёрий этиб белгиланади.

Қуйидагилар бекор қилинади:

кредит бюролари фаолиятини лицензиялашда камида 10 та тижорат банки билан кредит алмашинувини амалга оширишга розилигини тасдиқловчи ҳужжат мавжудлиги талаби;

дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолиятини лицензиялашда ушбу фаолият учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан уларнинг худди шундай фаолият билан шуғулланувчи филиаллари ташкил этилганда ҳар бир филиал манзилини асосий лицензияда кўрсатиш амалиётини жорий қилиш орқали филиалларга алоҳида лицензия расмийлаштириш амалиёти;

ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия олишда талабгордан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг кафолат хатларини олишни талаб қилиш тартиби.

Фармонга мувофиқ, ваколатли органлар томонидан қуйидаги ҳаракатларнинг амалга оширилиши тақиқланади:

лицензиялар бериш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш ва уларни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг коммунал хизматлар учун тўловлар бўйича қарздорлиги сабабли давлат хизматлари кўрсатишни рад этиш;

лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасида тузиладиган ўзаро шартномаларга алмаштириш;

лицензия ва рухсат беришга доир талаб ва шартларда назарда тутилмаган ҳақ эвазига бошқа турдаги хизматлардан фойдаланишга ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олишга бевосита ёки билвосита мажбурлаш.

2020 йилда муддати тугайдиган барча лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилиш муддати 2021 йил 1 январга қадар узайтирилди.

2021 йил 1 январга қадар лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари билан боғлиқ барча жараёнларни қамраб олган “Лицензия” ахборот тизими ишлаб чиқилади.

Шунингдек, 2021 йил 1 январдан:

лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари босқичма-босқич тўлиқ электрон тарзда “Лицензия” ахборот тизими орқали амалга оширилади;

лицензия соҳасидаги қонун бузилишлари ҳақида хабар берган шахслар ҳуқуқбузарлик ўз тасдиғини топганда ундирилган жариманинг 10 фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади;

лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни тугатиш ва бекор қилиш фақат суд тартибида амалга оширилади.

Фармонга кўра, ҳар бир лицензиялаш, рухсат бериш ҳамда хабардор қилиш тартиб-таомилининг самарадорлиги камида ҳар 5 йилда қайта кўриб чиқилади.

Мутасадди идоралар лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини ислоҳ қилишнинг иккинчи босқичида қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқади:

“Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги ва “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларни бирлаштириш йўли билан яхлит қонун лойиҳаси;

2021 йил 1 февралгача лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларига оид қонунчиликни тизимлаштириш мақсадида уларнинг паспортларини ишлаб чиқиш ва кодификациялаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси.

19
Кам таъминланган оилалар қандай аниқланади?

Жиззах вилоят адлия бошқармаси

Нафақа тайинлаш учун маҳалла йиғини оиланинг бир ойдаги даромадини аниқлайди.

Барча аниқланган 3 ойлик даромад ўша оиладаги аъзолар сонига бўлингандан кейин, ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган сумма базаваий ҳисоблаш миқдорининг 2,5 бараваридан кам бўлса, ушбу оилага нафақа тайинланади. Даромад кўп бўлса нафақа тўланмайди.

Оила таркибини аниқлашда қуйидагилардан ташқари ўша оила яшайдиган манзилдаги оила аъзоларининг барчаси ҳисобга олинади:

мурожаат қилган ота-оналарнинг ўз оиласига эга бўлган ака-ука ва опа-сингиллари;

ота-оналари уларга нисбатан ота-она ҳуқуқларидан маҳрум этилган болалар;

тўлиқ давлат таъминотидаги болалар, шунингдек васийликка (ҳомийликка) олинган болалар;

чақириқ бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган ёхуд ҳарбий таълим муассасасида ўқиётганлиги сабабли оилада бўлмаган ота-она (фарзандликка олувчи);

озодликдан маҳрум қилинган ота ёки она (фарзандликка олувчи).

Бунда қуйидаги даромадлар ҳисобга олинади:

ойлик иш ҳақи;

мулкий даромадлар (масалан, мол-мулкни ижарага беришдан тушган пул);

якка тартибдаги тадбиркорнинг даромади;

чет элда ишлайдиган ёки тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган оила аъзоларидан пул тушумлари суммаси;

пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар;

шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритишдан олинган даромад;

алимент;

бошқа даромадлар.

Улмас АБДИЕВ

Жиззах вилояти адлия бошқармасининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи

18
Савол-жавоб

Жамоат жойларига қайси жойлар киради ва жамоат жойида қонуний ўрнатилган тартибни бузганлик учун қандай жавобгарлик мавжуд?

Қонунчиликка мувофиқ, қуйидагилар жамоат жойлари ҳисобланади:

- стационар савдо объектлари, умумий овқатланиш корхоналари;

- кинотеатрлар, театрлар, цирклар, концерт, кўрик ва кўргазма заллари ҳамда оммавий дам олиш учун ёпиқ иншоотлар;

- клублар, дискотекалар, компьютер заллари, Интернет хизматлари кўрсатиш учун жиҳозланган хоналар ёхуд бошқа кўнгилочар жойлар;

- музейлар, ахборот-кутубхона муассасалари ва маърузахоналар;

- маҳаллий ва узоққа қатнайдиган поездлар, шаҳар атрофига қатнайдиган поездларнинг вагонлари, дарё кемалари, шаҳар, шаҳар атрофига, шаҳарлараро ва халқаро қатнайдиган автобуслар, таксилар, йўналишли таксилар ҳамда шаҳар электр транспорти, ҳаво кемалари;

- ер ости ўтиш жойлари, транспорт бекатлари ва автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари;

- аэропортларнинг, темир йўл, автомобиль вокзалларининг ва сув транспорти бекатларининг бинолари;

- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг бинолари;

- соғлиқни сақлаш тизими муассасалари ва ташкилотлари, таълим муассасалари, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари;

- иш жойлари бўлган хоналар;

- кўп квартирали уйларнинг йўлаклари, шунингдек уйлар олди ҳудудида жойлашган болалар ва спорт майдончалари;

- хиёбонлар, боғлар, кўчалар ва бошқа жойлар.

- Жамоат жойларида қуйидагилар тақиқланади:

 

- тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, шунингдек чилим ва электрон сигареталар чекиш;

 

- уятли сўзлар билан сўкиниш, ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларни содир этиш;

- алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш;

- тиланчилик қилиш;

- рўйхатдан ўтказилмаган байроқлар ва вимпеллардан фойдаланиш;

- ит ва мушукларни тумшуқбоғсиз ва етовсиз олиб юриш;

- карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда ниқобсиз бўлиш.

 Жамоат жойларида мазкур хатти-ҳаракатларни содир этиш тегишлича маъмурий (жумладан 56-прим-1-,183, 184-прим-1, 187-моддалари) ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

 Махсус комиссиясининг ННТ лар билан боғлиқ қарори юзасидан тушунтириш берсангиз

-Нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет эл фуқаролари бўлган ходимлари, шунингдек, уларнинг қарамоғидаги оила аъзоларининг аккредитация карточкасининг амал қилиши карантин даври муддати тугагунга қадар узайтирилиши,

-ННТларнинг короновируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш билан боғлиқ мақсадлар учун чет эллик шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни келишиш бўйича мурожаатлари уч иш куни ичида кўриб чиқилиши ва давлат мулкини ижарага олган ННТлар учун карантин даврида ижара тўлови “ноль” ставкада қўлланилиши белгиланди.

-Шунингдек, аъзолик бадалини тўлаш мажбурий бўлган ННТлар учун уларга бадалларни тўлаш муддати карантин даври муддатига қадар узайтирилиши тавсия қилинади.

-------------------------------------------------------------------------------------------  

“Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармони юзасидан ҳуқуқий тушунтириш беришингизни сўрайман

Фармонга мувофиқ, рухсат бериш хусусиятига эга бўлган доимий прописка қилиш тизимидан босқичма-босқич хабар бериш хусусиятидаги рўйхатдан ўтказиш тизимига ўтилади.

Шунга кўра, биринчи босқичда қуйидагилар амалга оширилади:

“доимий прописка қилиш” ва “турган жойи бўйича ҳисобга олиш” тушунчалари “доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” ва “вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш” тушунчаларига ўзгартирилади;

фуқароларга биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини ўзи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда бўлган манзил билан бир қаторда эгалигида бўлган уй-жой майдонига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш имконияти яратилади;

------------------------------------------------------------------------------------------

 

доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин 1 йил давомида биргаликда яшаш шарти ҳамда 1 йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши йўқотилиши тўғрисидаги қоида олиб ташланади;

оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади;

илгари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар доимий яшаш учун тегишинча қайтиб келганида, улар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ҳеч қандай тўсиқларсиз қайта доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади;

--------------------------------------------------------------------------------------------

тегишли лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқароларга ҳамда республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар учун лавозимни эгаллаб туриш даврига бериладиган доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниш ҳуқуқига чеклов бекор қилинади;

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган давлат ташкилотларида 5 йил муддат мобайнида узлуксиз меҳнат фаолиятини юритаётган мутахассислар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади;

республиканинг бошқа ҳудудларида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон фуқаролари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларни сотиб олиб, 3 йил ичида сотган ҳолатларда давлат божининг алоҳида ставкаларини қўллаш тартиби бекор қилинади.

--------------------------------------------------------------------------------------------

Кўчмас мулк олишда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлик талаб қилинмайди

Фармонга кўра, 2020 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги талаб қилинмайди.

Ўзбекистон фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ ишлар идоралараро электрон ҳамкорлик орқали “ягона дарча” тамойили асосида Ички ишлар вазирлигининг “Манзил” автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида амалга оширилади.

Бунда Ўзбекистон фуқароларини “Манзил” тизими орқали доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш:

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида – 2020 йил 1 сентябрдан;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – 2021 йил 1 январдан бошлаб амалга оширилади.

-----------------------------------------------------------------------------------------

Доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартибини бузганлик ҳолати Ўзбекистон фуқароларини тегишли ҳудуд ва манзилдан чиқариб юбориш учун асос бўлиб ҳисобланмайди.

Фармонга кўра, 2020 йил 1 сентябрдан:

Ўзбекистон фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кун ҳисобланади;

доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни расмийлаштириш 1 кун ичида амалга оширилади;

Ўзбекистон фуқароларини доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда аввалги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш тартиби бекор қилинади;

Ўзбекистон фуқароларига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинишини расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиёти бекор қилинади;

ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан олинишда мудофаа ишлари бўлимларига ҳарбий ҳисобдан чиқиш ва ҳарбий ҳисобга туриш учун бориш тартиби бекор қилинади;

Ўзбекистон фуқароси томонидан солиқ идораларида ҳисобга олинган ижара шартномаси ҳақида маълумот тақдим этилганда вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинишда уй-жой эгасининг розилиги талаб этилмайди.

18
КРЕДИТ ОЛИШ ҚИЙИНМИ ?

Жиззах шаҳар адлия бўлими томонидан “ЯТТ Худойбердиев Сатторқул”нинг “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастури доирасида кредит маблағи ажратиб берилмаётганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати кўриб чиқилди.
Ўрганиш жараёнида тадбиркор дастур доирасида кредит маблағи ажратиш тўғрисида “MIKROKREDITBANK” АТБ Жиззах вилоят филиали амалиёт бўлимига ариза билан мурожаат қилган ва банк билан 2020 йилнинг 11 август куни тузилган 2313-сонли кредит шартномасига асосан чорвачиликни ривожлантириш мақсадида наслли йирик шохли қора моллар сотиб олиш учун унга 60 млн. сўм миқдорида кредит ажратилиши белгиланган бўлсада, кредит маблағининг ажратилиши сабабсиз кечиктирилган.
Шу сабабли адлия бўлими томонидан кредит шартномаси бўйича кредит маблағини ажратилишини таъминлаш юзасидан тижорат банкига киритилган тақдимнома асосида “ЯТТ Худойбердиев Сатторқул”га 60 млн. сўм миқдорида кредит ажратилиши таъминланди.
Давлатимиз томонидан амалга оширилаётган барча ислоҳотлар фақат ва фақат фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.


Мусахон АСАТУЛЛАЕВ
Жиззах шаҳар адлия бўлими
бош маслаҳатчиси

17
Зоминда адлия фуқаронинг ҳуқуқини ҳимоя қилиб,судга даъво киритди.

Зомин туман адлия бўлими томонидан фуқаро Ш.Б.Ж нинг ўзига тегишли бўлган Зомин тумани, Даштобод шаҳри, Улуғбек МФЙдаги “Деҳқон бозори” ҳудудида жойлашган савдо дўкони бузилганлиги учун компенсация пули берилмаётганлигидан норози бўлиб ёзган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, Б.Шга “Деҳқон бозори” ҳудудида жойлашган савдо дўкони Зомин туман ҳокимининг 2012 йил 10 майдаги 797-сонли қарорига асосан 742-сон билан Зомин туманининг бино иншоотга бўлган ҳуқуқини рўйхатга олиш кадастр дафтарига тегишли ёзув қўйилган ҳолда 2012 йил 10 май куни ТА серияли №1177365-сон билан гувоҳнома берилган, шунингдек,

13:08 02 05 01 0126 0001-сонли кадастр йиғма жилди расмийлаштирилган.

Ушбу савдо дўкони Зомин туман ҳокимининг 2015 йил 14 июндаги 704-сон “Даштобод шаҳрини батафсил режалаштириш лойиҳасига асосан бузилишга тушган нотурар жой биноларини бузиб олиш тўғрисида”ги қарорига асосан бузилган (қарор иловасидаги рўйхатда 87-рақам билан қайд қилинган).

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 206-моддасига асосан олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки экинларни бузиб ташлашга зарарларнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қоплангунига қадар йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги “Давлат ва жамоат эҳтиёжоари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 97-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 8-бандига кўра ер участкаларини олиб қўйиш жараёнида бузилаётган уйлар, бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар қийматини фуқароларга тўлаш, шунингдек, ер участкасини олиб қўйилиши белгиланган.

Б.Шга тегишли савдо дўкони биноси 45 338 000 (қирқ беш миллион уч юз ўттиз саккиз минг) сўмга баҳоланган.

Бироқ, Зомин туман ҳокимлиги томонидан ушбу компенсация пулларини тўлаб бериш чоралари кўрилмаган.

Шунга кўра, фуқаро Б.Ш фойдасига бузилган савдо дўкони биноси учун 45 338 000 (қирқ беш миллион уч юз ўттиз саккиз минг) сўм компенсация пулларини ундириш лозим бўлганлиги сабабли Зомин туман адлия бўлими томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Зарбдор туманлараро судига даъво аризаси киритилиши таъминланди.

Улмас АБДИЕВ

Жиззах вилояти адлия бошқармасининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи

14
Ходимларнинг ҳақлари ундирилди.

Фуқаро Ў.Сиддиқов ва Р.Очиловнинг “Жиззах агрокимёҳимоя” ҲАЖ Шароф Рашидов туман унитар корхонаси томонидан иш ҳақи тўлаб берилмаётганлигидан норози бўлиб ёзган мурожаатлари вилоят адлия бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш давомида корхона томонидан Ў.Сиддиқов ва Р.Очиловларга 9,147 минг сўм иш ҳақлари тўлаб берилмаганлиги аниқланди.

Натижада, фуқаролик ишлари бўйича судга иш ҳақи ундириш ҳақида ариза киритилиб, суд қарорига асосан иш ҳақлари ундирилиши таъминланди.


Мохинур Рахимова

Инсон хуқуқлари бўлими

бош маслаҳатчиси

13
Президентнинг 2020 йил 30 июлдаги ПФ–6038-сон Фармони юзасидан кимлар моддий ёрдам олиш хуқуқига эга?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги ПФ–6038-сонли “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига («темир дафтар») киритилган оилаларга Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши, бир марталик моддий ёрдам пулларни 2020 йил 15 августга қадар етказилиши белгиланган.

Шунингдек мазкур Фармонида 2020 йилнинг якунига қадар:

14 ёшгача болалари бўлган эҳтиёжманд нафақа олувчи оилаларнинг амалдаги сонини 2 баробарга ошириб, 700 мингтагача етказиш, бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа олувчи эҳтиёжманд оналарнинг амалдаги сонини 330 мингдан 400 мингтага ошириш ва моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилаларнинг амалдаги сонини 89 мингдан 100 мингтага етказиш ҳамда тулаш муддати 2020 йилнинг июль-сентябрь ойларида тугайдиган болалари бўлган оилаларга ва бола парвариши билан шуғулланадиган оналарга нафақа тўлаш навбатдаги 6 ой муддатга (бола тегишлича 2 ёш ва 14 ёшдан ошмаган ҳолатда) давом эттириш белгиланган .

Бундан ташқари, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлашга жалб қилинган тез тиббий ёрдам ходимларига бир марталик моддий рағбатлантириш Врач ходимларга – 5 млн; ўрта тиббиёт ходимларга – 4 млн; Ҳайдовчиларга – 3 млн сўм бериш белгиланганлиги маълум қилинади.

Қувончбек САИПОВ

Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани адлия бўлими катта маслаҳатчиси

12
131 миллион 943 минг сўмлик даъво суд томонидан қаноатлантирилди.

Жиззах вилоят адлия бошқармасининг «Зомин иссиқлик манбаи» хусусий корхонаси манфаатида, жавобгар «Сардоба пахта тозалаш» АЖ ҳисобидан 131 миллмон 943 минг сўмлик асосий қарзни ундириш тўғрисидаги даъво аризаси Оқолтин туманлараро иқтисодий суди томонидан қаноатлантирилди.                                     

«Зомин иссиқлик манбаи» хусусий корхонаси ва жавобгар «Сардоба пахта тозалаш» АЖ ўртасида 2020 йил 4 январ куни №1-сонли олди-сотди шартномаси имзоланган.

Мазкур шартноманинг 2.1-бандига кўра “Сотувчи” шартнома шартлари асосида “сотиб олувчи”га умумий нархи 500 000 000 сўмлик хар хил турдаги техника эхтиёт қисмлари сотади, “сотиб олувчи” қайд этилган махсулотни қабул қилиб олиб, махсулот қийматини тўлаб беради” деб келишилган.

Даъвогар томонидан шартнома шартлари тўлиқ бажарилиб, жавобгарга келишилган миқдорда техника эхтиёт қисмлари етказиб берилган. Бироқ, жавобгар ўз шартномавий мажбуриятларини лозим даражада бажармасдан, олинган махсулотлар учун тўловларни тўлиқ амалга оширмаган. Натижада 2020 йил 22 январ куни ҳолатига 143 943 500 сўмлик муддати ўтган дебиторлик қарзи вужудга келган.

Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакиллари даъво аризадаги важларини қисман қувватлаб, жавобгар 12 000 000 сўм тўловни амалга оширганлигини, шу сабабли жавобгардан қолган асосий қарзни ундириб беришни сўради.

Суд мажлисида кўрсатма берган жавобгар вакили даьво талабларини тан олиб, корхона иқтисодий қийин ахволда эканлиги сабабли даьвогардан олган махсулотлар учун ўз вақтида хисоб-китоб қилиб бераолмаганлигини, лекин 2020 йил апрел ойининг охирида 12 000 000 сўм тўловни амалга оширишганлигини, мавжуд қарздорликларини тан олишини маьлум қилди.

Суд, ишда иштирок этган тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, иш материалларини ўрганиб чиқиб, шартнома шартларини тахлил қилиб, даъво талабини қаноатлантиришни лозим топди.


Баҳром БОЗОРОВ

Адлия бошқармаси бўлим бошлиғи

11
СЕОМ ходимларига 24 миллион 412 минг 800 сўм ундириб берилди.

Дўстлик тумани, Ғ.Ғулом МФЙ, М.Улуғбек кўчаси, 8-уй, 2-хонадонда яшовчи фуқаро Ҳамраев Абдухалил Сафарович ҳамда яна 15 нафар ходимнинг Дўстлик туман Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан иш хақи берилмаётганлигидан норози бўлиб ёзган мурожаатлари бўйича тўпланган хужжатлар ўрганилганида қуйидагилар аниқланди.

Жумладан, фуқаро Ҳамраев Абдухалил Сафаровичнинг Дўстлик туман Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг 2020 йил 3 январдаги 1-шт-сонли буйруғи билан бош врач вазифасига ишга қабул қилинган ҳамда 2020 йил 03 январда 1-сонли меҳнат шартномаси тузилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–5969-сонли Фармонига мувофиқ соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига

6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар жорий қилиш белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 апрелдаги ПҚ–4695-сонли “Коронавирус пандемияси даврида санитария-эпидемиология хизмати ходимларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб этилган даврда Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари тиббиёт ходимлари учун ойлик лавозим маошига нисбатан 6 фоиз миқдорида кунлик қўшимча тўлов, шунингдек, қонунчиликда кўзда тутилган бошқа устамаларни олиш ҳуқуқи сақланиб қолиши кўрсатилган.

Шунга сабабли, Дўстлик туман Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг 2020 йил 11 июндаги 109-сонли буйруғига кўра, бош врач Ҳамраев Абдухалил Сафаровичга 15 майдан 11 июнь кунига қадар кунлик 6 фоизлик қўшимча тўлов иш ҳаққига қўшиб тўлаб борилиши белгиланган.

Бироқ, Дўстлик туман Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан Ҳамраев Абдухалил Сафарович ҳамда яна 15 нафар ходимга 2020 йил 11 июнь ҳолатига 24.412.000 сўм қўшимча тўлов иш ҳақи тўлаб берилмаган.

Дўстлик туман Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг Ҳамраев Абдухалил Сафарович ва яна 15 нафар ходимдан қўшимча тўлов иш ҳақидан бўлган қарздорлиги марказ томонидан тақдим этилган маълумотномалар билан ҳам ўз тасдиғини топган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 154-моддасига асосан иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъий назар ходимга бажарган иши учун ҳаққини белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ Меҳнат кодексининг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шартлиги, 161-моддасида меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

2002 йил 19 мартдаги 88-сонли “Иш ҳақи ўз вақтида тўланишига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига кўра мулкчилик шаклларидан қатъий назар корхоналар ва ташкилотлар раҳбарлари ходимларга иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши учун шахсан жавоб бериши, иш ҳақи ўз вақтида тўланмаганлиги учун иш берувчининг моддий жавобгарлиги белгилаб қўйилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб Дўстлик туман адлия бўлими томонидан Фуқаролик судигв фуқаролар манфаатида киритилган ариза тўлиқ қаноатлантирилиб, қарздор Дўстлик туман Санитария-эпидемиологик осойишталик марказидан ходимлар фойдасига 24.412.800 сўм иш хақини ундириб бериш хақида суд буйруғи чиқарилиши таъминланди.