Bog'lanish

Telefon
(372) 223-53-58

Elektron manzil
jizzax@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni1008

Янгиликлар

08

Одил судловни таъминлашнинг муҳим шарти


Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида судлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоялашга хизмат қиладиган мустақил давлат институтига айланди.

Одил судловни амалга оширишни таъминловчи ривожланган замонавий талабларга жавоб берадиган қонунчилик базаси яратилди. Умумий юрисдикция судларининг ихтисослаштирилгани уларнинг жиноят ва фуқаролик ишларини малакали асосда кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўла ва ҳар томонлама ҳимоя қилиш бўйича фаолияти самарадорлигини оширди.

Ўзбекистон Республикаси Олий судида “Фуқаролик процессуал кодексини такомиллаштириш: процессуал муддатлар ва уларни қўллашдаги айрим муаммолар” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида шулар ҳақида сўз юритилди. Олий суд ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда депутатлар, судьялар, прокурорлар, олимлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Қ.Тоғаев ва бошқалар истиқлол йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш борасида барча зарур шарт-шароитлар яратилганини таъкидлади. Аввало, суд ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритишини таъминлаш бўйича зарур ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди.

Натижада фуқароларнинг судларга бўлган ишончи ортиб бормоқда. Суд жараёнида ишларни малакали ва сифатли кўриб чиқишни янада яхшилашга эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ишларни кўриб чиқишда процессуал муддатларга амал қилиш, соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Чунки ишларнинг процессуал муддатлари фуқароларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш самарадорлиги ошишининг муҳим омилларидандир. Бунга риоя этмаслик тарафлар ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади.

Ана шу жиҳатдан ҳар бир процессуал ҳаракатни амалга оширишга доир қатъий муддатлар қонунда белгилаб қўйилади. Агар қонунларда бундай процессуал муддатлар кўрсатилмаган бўлса, бу муддат судлар томонидан белгиланади. Процессуал қонунчиликда муддатларни ўтказиб юбориш, кечиктириш, тўхтатиб туриш ва тиклаш тартиби ва унинг ҳуқуқий оқибатлари мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, бу масалаларга риоя этиш одил судловнинг таъминланишини кафолатлайди.

Давра суҳбатида фуқаролик процессуал қонунчиликда муддатларга оид нормаларни такомиллаштириш фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига хизмат қилиши, шу боис бу борадаги бўшлиқларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Суд қарорларини қайта кўриб чиқиш муддатларини ҳам оптималлаштириш мақсадга мувофиқлигига эътибор қаратилди.

Тадбирда муҳокама этилган масала бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.