Bog'lanish

Telefon
(372) 223-53-58

Elektron manzil
jizzax@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni1008

Янгиликлар

27

Ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишда ОАВ ўрни


Адлия вазирлиги томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат бошқаруви ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга оширишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, бу ишга фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилишга бағишланган “Ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва масъулияти” мавзусида анжуман ташкил этилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда 1379 та оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда. Ахборотнинг жамият ҳаётидаги роли, шахс, жамият ва давлат тараққиётига таъсири сезиларли даражада ошди, ахборот табиий, молиявий, меҳнат ва бошқа ресурслардан ҳам кўпроқ қимматга эга қудратли ресурсга айланди.

“Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”нинг “Ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш” бўлимида соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари алоҳида қайд этилган эди.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ахборот майдонида соғлом рақобат муҳитини яратиш, фикрлар хилма-хиллигига эришиш, матбуот минбари орқали барча ижтимоий қатламларнинг фикр ва қарашларини ифода этиш, шакллантиришни оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва масъулиятини яна бир бор аниқлаш билан изоҳлаш мумкин. Бу эса ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуришнинг пойдевори саналади. Эзгу ва айни пайтда улуғвор ишларни амалга оширишда фуқароларимиздан юксак ҳуқуқий маданият талаб этилади. Айтиш лозимки, ҳуқуқий маданият ҳуқуқий тарғибот орқали тез шаклланади, ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишда эса оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс.

Сўзга чиққанлар, мустақиллик йилларида оммавий ахборот воситалари фаолиятининг конституциявий-ҳуқуқий асослари Конституция, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунлар билан мустаҳкамланганлигини алоҳида эътироф этишди.

Бу борадаги айрим бўшлиқлар эса жорий йилнинг май ойида кучга кирган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши билан тўлдирилди. Мазкур қонун фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ амалга ошириш имкониятини яратиб бериш билан бирга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилинаётган қарорлар сифатини ошириш борасидаги масъулиятини ҳам кучайтиришга хизмат қилади. Айни вақтда қонун давлат ҳокимияти органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб бориш тартибларини белгилаб берди.

Тадбирда сайлов қонунчилигига сайлов ҳуқуқи эркинлиги принципининг янада тўлиқроқ амалга оширилиши, мамлакатимиз сайлов тизимининг янада демократлашуви, депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга сайловолди ташвиқотини ўтказиш борасида тенг шарт-шароит яратиш самарадорлигини ошириш, сайловларнинг очиқлиги принципларини мустаҳкамлаш бўйича киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, бу борада оммавий ахборот воситалари олдида турган долзарб вазифалар ҳақида фикр алмашилди.

Шунингдек анжуманда, оммавий ахборот воситалари эркинлигини янада мустаҳкамлаш, муаллифлик ҳуқуқлари ва интеллектуал мулкни ишончли ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатлари ҳамда меха­низмларини кучайтириш, ахборот соҳасига бозор механизмларини самарали жорий қилиш, оммавий ахборот воситаларида ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишда масъулият ва ташаббус каби масалалар юзасидан бир қатор таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.