Янгиликлар
БАЙРАМ ТАДБИРИ
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ҳам мамлакатимиз мустақилликнинг 23 йиллик қутлуғ санасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Жорий йилда ушбу байрам давлатимиз салоҳияти, халқимиз хоҳиш-иродасини ўзида мужассам этган “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” мавзусидаги эзгу шиор асосида нишонланмоқда. Албатта, истиқлол байрамининг бетакрор бундай ном остида нишонланишида ўзига хос мазмун бор. Юртбошимизнинг байрамга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисидаги Қарорида қайд этилганидек, улуғ айёмни муносиб кутиб олиш ва ўтказиш мақсадида бугунги кунда олиб бораётган маънавий-маърифий фаолиятимизнинг асосий маъно-мазмунини аввало биз танлаган тараққиёт йўлининг ҳар томонлама тўғри ва ҳаётий йўл эканини, янги демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш борасида биз эришган ютуқ ҳамда марраларнинг моҳиятини юртимиз аҳолиси ҳамда жаҳон жамоатчилигига етказиш даркор.
Байрам тадбирида Адлия вазири Н.Йўлдошев, мустақиллигимизнинг ўтган йигирма уч йили давомида халқимиз Юртбошимиз раҳнамолигида жамият ҳаётининг барча жабҳаларида улкан муваффақиятларга эришгани, мустақиллик шарофати билан мамлакатимизнинг қудратли салоҳияти, кенг имкониятларини бутун дунё эътироф этаётганлигини, тарихан шу қисқа вақт ичида ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, иқтисодий ва ҳуқуқий соҳаларда улкан ютуқлар қўлга киритилганлигини қайд этди.
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан мустақиллигимизнинг 23 йилллиги муносабати билан ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига кўра, мамлакатимиз фуқаролари истиқлол байрамини кўтаринки кайфият ва келажакка ишонч руҳида кутиб олмоқда. Сўров қатнашчиларининг фикрича, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар фуқароларимиз ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Тадбирда юртимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳот ва янгиланишларда адлия органлари ҳамда муассасалари ходимларининг ҳам алоҳида ўрни борлиги таъкидланди. Қонун ижодкорлиги, аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, суд-ижро ишлари, тадбиркорлик, шартномавий муносабатлар, адвокатура, халқаро-ҳуқуқий муносабатлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва таълим йўналишида амалга оширилган ишлар самараси салмоқли бўлди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш жараёни тизимли равишда амалга оширилмоқда.
Тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятида текшириш сонини чеклаш, қўшимча солиқ имтиёзлари ва преференциялар беришга қаратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишида адлия тизими ходимлари фаол иштирок этдилар.
Тизимга кирувчи идоралар фаолиятини такомиллаштириш мақсадида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида марказнинг янги биносини қуриш учун лойиҳа ишлари амалга оширилмоқда. Юристлар малакасини ошириш марказида ўқитишнинг замонавий услублари жорий этилди.
Тадбирда мамлакатимиз Президентининг Мустақилликнинг 23 йиллиги муносабати билан, адлия органлари тизимида самарали меҳнати ҳамда ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаол иштироки учун 9 нафар адлия органлари ва муассасалари ходимларининг юксак давлат мукофотлари билан тақдирланганликлари қайд этилди.
Шунингдек, тизимда фидоийлик ҳамда алоҳида ўрнак кўрсатган бир гуруҳ адлия органлари ва муассасалари ходимлари байрам муносабати билан вазирликнинг “Фахрий ёрлиқ” лар билан тақдирландилар.
Сўзга чиққанлар, қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш борасида бундан кейин ҳам самарали фаолият юритишларини, истиқлолни ўзининг бахти ва тақдири деб билган мард ва танти халқимизнинг муносиб вакиллари сифатида Ватанимизни янада гуллаб-яшнатиш, Мустақиллигимизни мустаҳкамлаш учун бор билим ва имкониятларини ишга солиб хизмат қилишларини қайд этишди.