Янгиликлар
Тараққиётга раҳна солувчи жиноят
Жиззах вилоят адлия бошқармасида “Нотариат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар: коррупцияга карши курашиш бўйича кўрилаётган чоралар” мавзусида семинар ўтказилди.
Семинарда адлия бошқармаси ходимлари, нотариуслар, ички ишлар бошқармаси, вилоят прокуратураси, вилоят адвокатлар палатаси, вилоят тижорат банклари, вилоят давлат солиқ бошқармаси, фуқаролик жамиятини мониторинг қилиш мустақил институти Жиззах вилоят ҳудудий бўлими ходимлари иштирок этди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов асарларида коррупцияга қарши курашнинг зарурлиги масалалари атрофлича ёритилганлиги, уни юзага келтирувчи сабаблар ва шарт – шароитлар ҳамда коррупциянинг ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш йўлини танлаган мамлакатлар учун катта хавф туғдириши кенг очиб берилганлиги таъкидланди. Шунингдек семинарда коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, коррупцияга қарши кураш ва уни олдини олишда антикоррупциявий экспертизанинг ўрни, коррупцияга қарши курашда хорижий мамлакатлар тажрибаси каби қатор масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, юртбошимизнинг алоҳида эътибори билан бугунги кунда нотариат институтининг замон талаби даражасида фаолият юритиши таъминланганлиги, Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги қонунига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатлар давлат нотариал идораларининг нотариуслари томонидан амалга оширилиши ҳамда ҳар бир нотариус учун алоҳида котиб, нотариус ёрдамчиси ва нотариус стажёри штатлари жорий қилинганлиги, Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 15 майдаги “Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига асосан судьялик лавозимида камида беш йил ишлаган ёхуд нотариал фаолиятга раҳбарликни амалга оширувчи ва ушбу фаолиятни назорат қилувчи лавозимларда камида уч йил ишлаган шахслар учун стажировка муддати бир йил қилиб белгиланганлиги таъкидлаб ўтилди.
Қизғин баҳс-мунозараларга, турли фикр ва мулоҳазаларга бой бўлган тадбир якунида коррупцияга қарши курашишдаги муаммолар ва уларнинг ечимларига доир тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.