Янгиликлар
Тадбиркорлик тараққиёти: имконият ва имтиёзлар
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва унинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш борасида зарур ташкилий ва ҳуқуқий механизмлар яратилганлигини нафақат юртимиз ишбилармонлари, балки хорижий мутахассислар ва халқаро экспертлар ҳам эътироф этишмоқда.
Адлия вазирлиги ҳамда Тошкент вилоят адлия бошқармаси томонидан тижорат банклари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари иштирокида ташкил этилган “Тадбиркорлик тараққиёти: имконият ва имтиёзлар” мавзусидаги анжуманда шулар ҳақида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб Президентимизнинг бевосита раҳбарлигида юртимизда иқтисодий-ижтимоий ва ҳуқуқий соҳаларни ислоҳ этиш, эркин тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар мантиқий изчилликда, юрт равнақи ҳамда мулкдорлар ҳуқуқларининг ҳимоясини таъминлаш йўналишида амалга оширилмоқда.
Иқтисодий ислоҳотларнинг энг асосий йўналиши - бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш, барқарор ривожланишни, юрт истиқболига масъул фуқароларга муносиб турмуш тарзини яратиш саналади. Шу ўринда 2014 йил 7 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан тадбиркорлик субъектларига яна бир қатор имтиёз ва преференциялар берилганлигини қайд этиб ўтиш мумкин.
Хусусан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнини мураккаблаштиришни ва тадбиркорлик субъектларига янги юридик мажбуриятлар юклатишни назарда тутадиган, шунингдек жавобгарликнинг янги чораларини белгилайдиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар улар расман чоп этилган фурсатдан бошлаб, уч ойдан олдин бўлмаган муддатда кучга киритилиши белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари тадбиркорлик субъектлари томонидан уларнинг ҳисоб варақларидан солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашда Марказий банки, тижорат банкларининг хизматлар учун тўловлар ундириш амалиёти бекор қилиниши ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ, молиявий ҳисоботларни тақдим этмаслик ва уларни кўрсатилган манзилда йўқлиги ҳолатларида уларнинг тижорат банкларидаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш фақат суднинг тегишли қарори асосида амалга оширилиши белгиланди.
Шунингдек, 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб, кичик тадбиркорлик субъектлари статистика ҳисоботларини йилда бир маротаба тақдим этадилар. Сўзга чиққанлар, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлайдиган, ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатларини ва рентабеллигини таъминловчи кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини солиқ текширувидан ўтказишга қўлланилган мораторий 2017 йилнинг 1 январигача бўлган муддатгача узайтирилганлиги кичик бизнес субъектлари фаолиятини ривожлантиришга рағбат бўлишини қайд этишди.
Тадбирда шунингдек, инвестиция иқлимини ривожлантириш учун қўшимча кредитлар олиш, хўжалик низоларини кўриб чиқиш, бизнесни тугатиш жараёнлари сезиларли даражада соддалаштирилгани ва арзонлаштирилгани, мулкни рўйхатдан ўтказиш, ер участкаларини ажратиш, қурилишга рухсатномалар бериш, электр тармоқларига уланишда “бир дарча” тамойиллари самарали амалга оширилаётгани, ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, максимал даражада қулай инвестиция иқлимини яратиш, шу асосда тадбиркорлик фаолиятини юритиш шароитларини тубдан яхшилаш, янги иш жойларини барпо этиш ва иқтисодиётнинг хусусий секторида аҳоли бандлигини ошириш йўналишларида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида сўз юритилди.
Иштирокчилар қонун ва қонун ости ҳужжатларида назарда тутилган эркинлик ва имтиёзлар, қулай инвестиция иқлими ҳамда ишбилармонлик муҳитини бунданда ривожлантиришга хизмат қилишини яна бир бор эътироф этдилар.