Янгиликлар
Агар аёл тадбиркор бўлса...
Жиззах вилоятининг Фориш ва Янгиобод туманларида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Микрокредитбанк очиқ-акциядорлик тижорат банки, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви билан ҳамкорликда “Агар аёл тадбиркор бўлса...” лойиҳаси доирасида ўқув-амалий семинарлар ўтказилди.
2013 йил - “Обод турмуш йили” деб эълон қилиниши муносабати билан аҳоли фаровонлигини ошириш, бандлик масаласини ечиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида тоғли, чегара ҳудудларда ҳамда туман марказидан узоқда жойлашган фуқаролар йиғинлари ҳудудларида истиқомат қилувчи тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизлар учун микромолиявий хизматлардан фойдаланишни таъминлаш учун ташкил этилган семинарларда тадбиркорлик ва уй меҳнатини ташкил этиш истагида бўлган 350 нафарга яқин хотин қизлар, шунингдек, коллеж талабалари иштирок этишди.
Хотин қизларни иш билан таъминлашда, аввало уларнинг қизиқишлари доирасида аниқ йўналишли чора тадбирлар белгилаш, жумладан, ҳудуддаги ижтимоий иқтисодий вазиятни тўғри баҳолаш, ишсизликка барҳам беришнинг биринчи механизми сифатида тадбиркорлик ташаббусларини аниқлаб, уларни молиявий қўллаб қувватлаш, аёллар ва ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш баробарида хизмат кўрсатиш ва сервис, саноат ва халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарур.
Шу нуқтаи назардан, тадбир ташкилотчилари бўлган банк соҳаси ходимлари, меҳнат бўлими мутахассислари ҳамда жамоат ташкилотлари мутахассислари томонидан аёлларни иш билан таъминлашнинг ҳудуд мисолидаги истиқболлари тақдимоти ўтказилди.
Мазкур лойиҳа доирасида тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида тоғли, чегара ҳудудларда ҳамда туман марказидан узоқда жойлашган фуқаролар йиғинлари ҳудудларида истиқомат қилувчи тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларга микромолиявий хизматлардан фойдаланиш юзасидан оммавий ахборот воситаларида чиқиш ва кўрсатувларда ёритиб бориш, олинган кредитлардан мақсадли фойдаланиш, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг реализацияси, шартномалар тузилиши ва бошқа ишлаб чиқариш билан боғлиқ жараёнларда ижтимоий ҳамкорлик зарур.
Бўлиб ўтган семинарларда, бўлғуси тадбиркорларга ўз бизнесларини йўлга қўйишларида мутахассис маслаҳатлари бериш билан бир қаторда, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги долзарб масалалар тўғрисида маҳаллий ҳокимлик, мутасадди ташкилотлар ўзаро келишиб олдилар ҳамда бу борадаги қонунчилик имтиёзлари ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берилди.