Янгиликлар
Хайрия жамғармасининг хайрли ишлари давом этмоқда
“Соғлом авлод учун” хайрия жамғармасининг Жиззах вилоят бўлими томонидан вилоят халқ таълими бўлимига қарашли 29-сонли “Меҳрибонлик уйи”да ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Маълумки, жамғарма ташкил этилганига бу йил 20 йил тўлади. Шу давр мобайнида жамғарма Давлат дастурлари ва ўз Низом фаолияти доирасида ногирон, боқувчисини йўқотган етим болалар, васийликка олинган болалар, кам таъминланган оилалар фарзандлари, махсус мактаб-интернатлар ҳамда “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларига мурувват ёрдамларини кўрсатиб келмоқда.
Шуниси эътиборлики, жамғарма 2002 йилдан буён Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Германиянинг “Фриденздорф-Интернейшнл” халқаро ташкилоти билан уч томонлама шартнома асосида 6 ёшдан 12 ёшгача бўлган туғма суяк тизими, туғма сийдик ажратиш тизими касалликлари, оцеомиелит асоратлари, травматик асоратлардан кейинги суякнинг нотўғри ўсиши, тананинг куйишдан кейинги функцияси бузилишига олиб келадиган чандиқлари ва контрактуралари билан оғриган бемор болалар Германия клиникаларида даволаниб келмоқда. Ўтган 2012 йил 7 апрел куни Жиззах вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасида Германиялик мутахассислар томонидан 45 нафар болалар тиббий кўрикдан ўтказилди.
Жамғарма томонидан оилада тиббий маданиятни юксалтириш, ўқувчи ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларнинг гиёҳвандлик, алкогол ва тамаки маҳсулотларининг зарарли таъсирларидан ҳимоялаш, хавфли, юқумли, туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш бўйича шаҳар ва туманлардаги таълим муассасаларида кенг қамровли тарғибот ва профилактика ишлари олиб борилиши йўлга қўйилган.
Вилоят “Меҳрибонлик уйи”да ўтказилган давра суҳбати давомида ҳам тарбияланувчи ёшларга юқоридаги каби салбий холатлар ва уларнинг оқибатлари тўғрисида сўз юритилди. Унда сўзга чиққанлар ёшларга соғлом турмуш тарзининг асослари тўғрисида батафсил тушунтириш бердилар. Тадбир сўнгида тарбияланувчиларга совғалар топширилди.