Янгиликлар
Ҳарбий-ҳуқуқий синф
Жиззах вилоят Халқ таълими бошқармасига қарашли 29-“Меҳрибонлик уйи”да Марказий ҳарбий округ, вилоят ҳарбий прокуратураси ва вилоят ҳудудида жойлашган бир қатор ҳарбий қисмлар томонидан ҳарбий-ҳуқуқий синф ташкил этилди.
Маълумки, мамлакатимиз Қуролли Кучларининг қудрати, салоҳияти тобора ошиб бормоқда. Уни ёшларга яқиндан таништириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шунингдек, ҳарбийликнинг сир-асрорларини ўргатиш мақсадида ҳарбий-ҳуқуқий синф ташкил этилди. Ушбу синф хонаси ҳарбий илмларини эгаллаш учун етарли адабиёт, ахборот ва кўргазмали қуроллар, шунингдек, ҳарбий қурол ва аслаҳалардан намуналар билан жиҳозланган. Эндиликда бу ерда “Меҳрибонлик уйи”нинг тарбияланувчиларига айнан ҳарбийларнинг ўзлари белгиланган дастурга асосан ҳарбий билимлардан сабоқ берадилар.
Мазкур синф хонасининг очилиш маросими чин маънода бу ерда тарбияланаётган болалар учун байрамга айланди. Унда иштирокчилар ўқувчи-ёшларни бундай синф хонаси билан табрикладилар ҳамда Ватан ҳимояси шарафли бурч эканлигини, ҳарбий бўлиш учун эса ҳам жисмонан, ҳам маънан баркамол бўлиб вояга етиш лозимлигини таъкидладилар.
Тадбирда, ҳарбий қисмлар ҳарбийларининг жанговорлик санъати бўйича чиқишлари намойиш этилди.