Янгиликлар
“LexUz” имкониятлари - тараққиёт натижалари
Жиззах вилоят адлия бошқармасида “LexUz” сайтининг янги имкониятлари ва ундан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ваколатлари, давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш қоидалари, шунингдек янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш масалаларига оид ўқув-семинар ташкил этилди.
Семинарда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази, вилоят адлия бошқармаси масъул ходимлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмат ходимлари, вилоятдаги назорат қилувчи органлар юридик хизмат ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.
Шундан сўнг, бошқарманинг масъул ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонунининг ижроси юзасидан ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга барҳам бериш, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш, тегишли ҳудудда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасаларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаши, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкинлиги тўғрисида гапириб ўтилди. Мазкур вазифаларни бажариш мақсадида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилганлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2012 йил 14 февралда рўйхатдан ўтказилган “Давлат бошкаруви органлари ва маҳаллий давлат хокимияти органларида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш қоидалари” мазмун-моҳияти ҳақида айтиб ўтилди.
Тадбир давомида иштирокчилар “LexUZ” тизими орқали аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда давлат органлари учун зарур бўлган ҳуқуқий ахборотларни тарқатишнинг самарали ва кенг қамровли механизми яратилганлигини таъкидладилар.