Янгиликлар
Америкалик ҳуқуқшунослар билан учрашув
Америка Қўшма Штатлари Федераль суд маркази директори жаноб Жереми Фогель бошчилигидаги делегация аъзолари мамлакатимизга ташрифи доирасида Адлия вазирлиги тизимидаги Тошкент давлат юридик университетида бўлиб, профессор-ўқитувчилар ва талаба ёшлар билан учрашди.
Тадбир аввалида меҳмонларга Ўзбекистон таълим ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, хусусан замон талабларига жавоб берадиган юқори малакали юрист кадрларни тайёрлаш борасидаги изчил фаолият тўғрисида маълумот берилди. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йилдаги “Юридик кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Тошкент давлат юридик институтига университет мақоми берилиб ҳуқуқий таълим тизими фундаментал асосларини тубдан ислоҳ қилишнинг мустаҳкам пойдевори яратилди. Унинг моддий техника базасини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратилди. Ўтган қисқа давр мобайнида мазкур даргоҳ халқаро талабларга жавоб берадиган, ўқув жараёнига ахборот коммуникация технологияларини тўлиқ жорий этган замонавий олий таълим муассасасига айланди. Ҳозирги кунда университет ахборот-ресурс марказида қарийб 240 минг адабиёт мавжуд бўлиб, шундан 16 мингини электрон шаклдаги қўлланмалар ташкил этади.
Ўқув жараёнида назария билан амалиёт уйғунлигига эришиш, профессор-ўқитувчиларга ўз устида янада кўпроқ ишлаш, соҳага тегишли илғор янгиликларни ўзлаштириш ҳамда қонун ижодкорлиги жараёнида фаол иштирок этиш имконияти кенгайиб бормоқда. Талабаларда ҳуқуқ соҳасидаги халқаро муаммоларни таҳлил қилиш қобилиятини шакллантириш учун ўқув жараёнининг модулли тизими жорий этилди.
Университетда халқаро алоқаларни ривожлантириш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг хорижий таълим муассасаларида стажировка ўтишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Япония, Франция, Болгария, Хитой ҳамда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигидаги бир қатор давлатларнинг турдош университетлари билан таълим ва илмий-тадқиқотлар бўйича қўшма лойиҳалар самарали амалга оширилмоқда.
АҚШ Федераль суд маркази директорининг мамлакатимизга ташрифидан кўзланган асосий мақсад - Ўзбекистон суд ҳокимияти вакиллари билан судья кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш масаласида амалий мулоқот ўрнатиш, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва ўзига хос жиҳатлари билан яқиндан танишиш ҳисобланади.
Мамлакатимиз раҳбари томонидан суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасини либераллаштириш борасида кўрилаётган жиддий чора-тадбирлар меҳмонлар томонидан юқори баҳоланди. Тадбирда АҚШ Федераль суд маркази директори Жереми Фогельнинг “Америка Қўшма Штатларидаги ҳуқуқий таълим ва Америка ҳуқуқ тизимида судьяларнинг роли” мавзуидаги тақдимоти ўтказилди. Таъкидланганидек, Америкадаги ҳуқуқий таълимнинг асосий вазифаси талабанинг норматив матнни ёдлаб олиши эмас, балки таҳлил қила олиш қобилиятини ривожлантириш ҳисобланади. Назарий машғулотлар ўқитувчиларнинг талабалар аудиторияси билан эркин ва фаол мулоқотига асосланади. Бу жараёнда семинарларнинг алоҳида ўрни бор.
Амалий машғулотларда эса кўпинча талабалар саҳналаштирилган суд жараёнларида процесс иштирокчилари сифатида қатнашадилар. Низоли масалаларнинг ечимини топишга уринадилар.АҚШ Федераль суд марказининг фаолияти эса профессионал судьялар ва федераль суд маркази ходимларининг ўқув-таълим жараёнини ташкил этиш, улар учун дастурлар ишлаб чиқиш ва бошқа бир қатор йўналишларни қамраб олган. Учрашувда шунингдек мазкур марказнинг тузилиши, тарихи ва вазифалари хусусида батафсил маълумот берилди.
Иштирокчилар муҳокама этилган масалалар бўйича ўзаро фикр ва тажриба алмашдилар. Университет талабаларининг халқаро танловлардаги иштироки, эришаётган ютуқлари ҳамда даргоҳда яратилган кенг кўламли имкониятлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.