Янгиликлар
ИЖОДКОРЛАР ШАРАФЛАНДИ
Жиззах вилоят адлия бошқармасида 27 июнь - “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан тадбир ўтказилди.
Тадбирда бугунги тезкор замон, глобаллашув жараёнида жамият аъзоларини ислоҳотларнинг моҳияти билан яқиндан таништириш, уларни ҳуқуқий ахборот ва адабиётлар билан таъминлаш, фуқароларга миллий давлатчилик анъаналари ҳамда амалдаги ҳуқуқий тизимнинг ишлаш механизмлари тўғрисида зарур маълумотларни етказиш, жамиятда ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг самарали усулларини жорий қилиш долзарб вазифа эканлиги таъкидланди.
Айтиш лозимки мазкур вазифаларни амалга оширишда оммавий ахборот воситалари ва матбуот ходимлари ўрни ва роли беқиёс.
Ана шу нуқтаи-назардан мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари ва матбуот ходимларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб бир қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган, жумладан, Ахборот соҳасининг самарали фаолиятини таъминлашга қаратилган 10 га яқин қонунлар қабул қилинди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар фуқаролар, оммавий ахборот воситалари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларини ахборотни эркин, монеликсиз олиш, текшириш ва тарқатиш имконини бермоқда.
Вилоят адлия бошқармаси ва тизим идоралари билан ҳамкорликда самарали фаолият олиб бораётган бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари ва матбуот ходимларига вилоят адлия бошқармасининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.