Янгиликлар
ТАРҒИБОТ ТАДБИРЛАРИ САМАРАСИ
Вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан “Ватанпарварлик юрт тараққиёти учун хизмат қилишдир” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан жорий йилнинг май ойида ташкил этилган тарғиботчилар гуруҳи томонидан вилоятнинг барча туман (шаҳар)ларида жамиятда аҳолининг ижтимоий фаоллиги, ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтириш, мамлакатда амалга оширилаётган барча соҳалардаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш бўйича маърифий учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.
Мазкур режа асосидаги тадбир вилоятнинг Зомин туманидаги 1-сон мусиқа ва санъат мактабида ташкил этилди ва тадбирда ҳудуддаги мактаб, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари, давлат бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари, корхона, муассаса ҳамда ташкилотларнинг маънавий-маърифий, шунингдек, ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасига масъул ходимлари, қолаверса ўқувчи ёшлар иштирок этдилар.
Тадбирда мустақиллик йилларида юртимизда амалга оширилган ислоҳот ва янгиланиш жараёнлари хусусан, мамлакатнинг қиёфаси ва ҳаёт тарзининг ўзгариб бораётганлиги, мустақиллик бутун халқимизнинг узоқ йиллик интилиши туфайли қўлга киритилган буюк ғалабаси, катта тарихий аҳамиятга эга бўлган воқеа ҳисобланиши, мустақиллик – ўзаро ҳурмат, бир-бирини тан олиш, бир-бирини қадрлаш асосида мамлакат фуқаролари ўзаро муносабатида ҳам, давлатлар ўртасидаги алоқаларда ҳам ана шу умуминсоний қадриятларга таяниш, умумий мезонлар асосида яшаш эканлиги, мустақиллик қадрли туйғу эканлигини ҳаммамиз бирдек ҳис қилишимиз ва уни асрашимиз лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, қулай меҳнат шароитлари яратиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, барча миллат ва элат вакилларининг ҳамжиҳатликда ҳаёт кечириши, миллий қадриятлари ва маданий меросини асраб-авайлаши учун зарур шарт-шароит яратишга доир мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилганлиги, мамлакатимизда яратилган ўн икки йиллик узлуксиз таълим тизими ёшларимизга жаҳон андозалари даражасида билим олиш имкониятини бераётгани, 2015 йил “Кексаларни эъзозлаш йили” муносабати билан Давлат дастурининг мазмун-моҳияти ҳамда унинг ижроси бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берилди.