Янгиликлар
Юридик хизмат ислоҳотлари
Жиззах вилоят адлия бошқармасида Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 4 июндаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик хизматлари фаолиятининг янада такомиллаштириши мунособати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти юзасидан давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимлари ва кадрлар бўйича масъул ходимлари иштирокида семинар ўтказилди.
Тадбирда мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш шароитларида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлашда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш сифатини яхшилашда юридик хизматнинг роли ва ўрни жуда катта эканлиги, шунинг учун доимий равишда юридик хизмат ходимлари малакасини ошириб, уларнинг белгиланган тартибда аттестациядан ўказиб бориш лозимлиги таъкидланди.
Айтиш лозимки, юридик хизматнинг роли ва жавобгарлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2007 йил 24 августдаги қарори қабул қилинган. Ушбу қарор билан “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати тўғрисида”ги ва “Хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида”ги низомлар тасдиқланиб, ташкилотларнинг юридик хизматининг вазифа ва функциялари ҳамда ҳуқуқ мажбуриятлари аниқ белгилаб берилганлиги юзасидан иштирокчиларга батафсил тушунчалар берилди.