Янгиликлар
Битирувчиларга диплом топширилди
Жиззах ҳуқуқшунослик коллежининг битирувчиларига диплом топшириш маросими тантанали равишда ўтказилди.
Маросимда Жиззах вилоят ва Жиззах шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари, адлия ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари бошлиқлари ва масъул ходимлари, вилоятдаги барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг раҳбарлари ва вилоят судларининг раислари, коллеж ўқитувчилари ва ўқувчилари, битирувчиларнинг ота-оналари иштирок этди.
Тадбирни коллеж директори кириш сўзи билан очиб берди ва битирувчиларни диплом олишлари муносабати билан табриклади, шунингдек маросимда вилоят адлия бошқармаси ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари бошлиқлари, жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси сўзга чиқиб, битирувчиларни диплом олиш бахтига эришганликлари билан самимий қутлади, уларнинг турли олий ўқув юртларида ўқишлари, турли идораларда ишлашлари ва мустақил ҳаётда ўз ўринларини топишларига тилаклар билдирди.
Шундан сўнг, битирувчиларга вилоят адлия ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари бошлиқлари, коллеж директори ва тадбирга таклиф этилган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг раҳбарлари ва вилоят судларининг раислари томонидан дипломлар тантанали топширилди, битирувчилар ва уларнинг ота-оналарининг тилаклари изҳор этилди.
Коллежда ўқув йили жараёнида ютуқларга эришган, ўзларининг интизоми ва билимга чанқоқлиги билан ажралиб турган битирувчилар ҳамда уларга таълим беришда ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшган фидоий мураббийларга, ўз интизоми ва билими билан намуна бўлган битирувчиларнинг ота-оналарига вилоят адлия ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари ҳамда коллежнинг фахрий ёрлиқ, ташаккурномалари, шунингдек эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир якунида коллеж ўқувчиларининг бадиий чиқишлари намойиш этилди.