Bog'lanish

Telefon
(372) 223-53-58

Elektron manzil
jizzax@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni1008

Янгиликлар

09

“Бир дарча” марказлари фаолияти


Республика Адлия вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси томонидан пойтахтимизда навбатдаги анжуман ташкил этилди. 

1.jpg

Тадбир Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш юзасидан бизнес субъектларига хизмат кўрсатувчи “бир дарча” марказларининг давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигини изчил йўлга қўйиш масалаларига бағишланди.

Мирзо Улуғбек туман тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциясида ўтказилган мазкур анжуманда фаолияти “бир дарча” марказлари билан бевосита боғлиқ 20 га яқин манфаатдор вазирлик ва идоралардан вакиллар, тегишли мутахассислар иштирок этдилар.

Хабарингиз бор, мазкур Фармон билан тўртта асосий йўналиш бўйича амалга ошириладиган ўттиз учта чора-тадбирларни кўзда тутувчи комплекс Дастур тасдиқланди.

Дастурга мувофиқ, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд ва Олий хўжалик судига бошқа манфаатдор тузилмалар билан биргаликда тадбиркорлар фаолиятига тўсқинлик қилгани ва ноқонуний аралашгани учун давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳамда назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш топширилди.

Бундан ташқари дастурда барча турдаги рўйхатга олиш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш, турли давлат хизматларидан фойдаланишни янада кенгайтириш масалалари ҳам кўзда тутилган.

Учрашувда қайд этилганидек, Фармоннинг аҳамиятли томони шундаки, давлат хизматларидан фой­даланишда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, аризачиларнинг хизмат кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилувчи мансабдор шахслар билан бевосита алоқасини истисно қилиш мақсадида бугунги кунда турли идоралар қошида алоҳида давлат хизматлари кўрсатаётган “бир дарча” хизматларининг фаолияти тугатилади. Эндиликда, уларнинг ўрнига туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўй­хатга олиш инспекциялари негизида “бир дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш бўйича Ягона марказлар ташкил этилади. Уларнинг фаолияти 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб йўлга қўйилиши режалаштирилган. Шу муддатдан бошлаб “бир дарча” марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун бошқа давлат ва хўжалик бошқарув органларига тадбиркорлик субъектларидан бевосита ҳужжатлар қабул қилиш таъқиқланиши белгиланди.

Тадбиркорлик субъ­ектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйиш Ўзбекис­тон Республикаси интерфаол давлат хизматлари Ягона порталига интеграция қилинган интернет тармоғида автоматлаштирилган тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш ва ҳисобга қўйиш тизими орқали 24 соат узлуксиз амалга оширилади.

1.jpg

Фармон доирасида адлия органларига “бир дарча” марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва уларга услубий кўмак бериш вазифалари юклатилган. Шунингдек, ушбу йуналишда қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқиш белгиланган.Анжуманда тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш бўйича ташкил этилажак марказларнинг фаолият мезонлари, давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигининг тартиб-таомиллари, уларнинг жойлашиш манзиллари, ушбу марказларнинг моддий техника базасини замон талаблари асосида мустаҳкамлаш, ахборот коммуникация технологияларини самарали жорий этиш, уларни малакали мутахассислар билан таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Учрашув қатнашчиларининг фикрига кўра, ушбу Фармон ижросининг таъминланиши келгусида мамлакатимизда хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан юксалтиради. Тадбиркорлик субъектларининг сони ортиши, янги иш ўринлари яратилиши, пировардида эса халқимиз турмушининг янада обод ва фаровон бўлишига хизмат қилади.