Янгиликлар
Қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун лойиҳасининг мазмун моҳияти” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, республикамизнинг илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда тадбиркорлик тузилмаларидан вакиллар иштирок этишди.
Тадбирни ўтказишдан мақсад маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш масалалари, хусусан, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш, ўзаро мулоқот асносида мазкур ҳужжатни маромида тайёрлаш хусусида фикр-мулоҳазаларни муҳокама этишдир.
Хусусан, маъмурий тартиб-таомилларнинг турлари, уларни амалга ошириш шакллари ва механизмлари, маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш усуллари, мазкур соҳадаги қонунчиликни янада ривожлантириш масалалари иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш, тадбиркорлик субъектлари ва жамоат ташкилотларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, мавжуд маъмурий тўсиқлар, сансалорлик ва қоғозбозликка барҳам бериш учун зарур бўлган институционал ва ташкилий механизмлар шакллантирилган ва етарли ҳуқуқий асос яратилган. Умуман олганда маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш бўйича давлат органлари ва ташкилотларнинг фаолияти қонун ҳужжатларига мос равишда йўлга қўйилган.
Маъмурий тартиб-таомиллар соҳасида муносабатларнинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинишининг аҳамияти шундаки, бир тарафдан давлат ҳокимияти органлари ва иккинчи тарафдан кўп сонли субъектлар, яъни фуқаро ва ташкилотлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни ҳуқуқ билан тартибга солиш зарурияти билан изоҳланади. Мазкур муносабатлар ўзининг хусусиятига кўра қайд этиб ўтилган субъектларни жавобгарликка тортиш билан эмас, балки фуқаро ва ташкилотларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш ва мажбуриятларини бажариш ҳамда аризачиларга нисбатан юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ.
Самимий мулоқот руҳида ўтган анжуман якунида бундай тадбирлар ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича кўрилаётган чораларнинг самарадорлигини ошириш, улар қабул қилингандан сўнг эса амалиётда ушбу меъёрларнинг таъсирчанлигини таъминлаш, тегишли соҳаларга оид қонунчиликни янада такомиллаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.