Янгиликлар
Оn-line тизимдан самарали фойдаланинг!
Маълумки, бугунги кунда иқтисодиётнинг муҳим таркибига айланган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси ички бозорни халқ эҳтиёжи учун зарур бўлган маҳсулотлар билан тўлдиришнинг асосий манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу аснода аҳолининг турмуш фаровонлиги янада юксалиб, кишиларимизнинг келажакка ишончи, янгидан-янги ютуқлар сари интилишлари тобора ошиб бормоқда. Бунда, албатта, мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга қаратилган катта эътибор ҳамда тадбиркорлик субъектларини ривожлантириш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун яратилган мустаҳкам ҳуқуқий база ҳамда унинг ижросини таъминлашнинг самарали механизми асосий омил бўлаяпти.
Хабарингиз бор, Адлия вазирлиги томонидан тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали тизими яратилган. Хусусан, ноқонуний текширишларни олдини олиш, назорат органларининг бизнес тузилмалари молия-хўжалик ишига ўринсиз аралашувига чек қўйиш, текширувчилар фаолиятида қонунийлик, холислик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида манфаатдор вазирликлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилиб, 2000-чи йилдан бошлаб амалиётга киритилган “Текширишларни руйхатга олиш” китоби ўтган давр мобайнида назорат органларининг масъулиятини сезиларли равишда оширди. Адлия органларининг тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган ҳар қандай текширув устидан назорат ўрнатиш, бу жараёндаги қонунбузарликларни аниқлаш, ваколатини суиистеъмол қилган текширувчиларни фош этиш ва уларга нисбатан тегишли ҳуқуқий таъсир чораларини кўриш имкониятини берди. Ҳозирда республикамиз бўйича 350 мингга яқин “Текширишларни руйхатга олиш” китоби хусусий сектор вакилларига тарқатилган. Уларнинг барчасини назорат объекти сифатида қамраб олиш жуда катта меҳнат, кўп вақт, қоғоз сарфи билан боғлиқ ортиқча харажатларни талаб қилади.
Ноқонуний текширишларни бартараф этиш, тезкорлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида эндиликда, замонавий ахборот коммуникация технологияларининг ижтимоий ҳаётимизга чуқур кириб бораётганини инобатга олиб мазкур китобнинг электрон шакли жорий этилди.
Унга кириш etk.minjust.uz электрон манзил орқали амалга оширилади.
Бунинг учун фойдаланувчи электрон рақамли имзога эга бўлиши кифоя, унга киритилган ҳар бир ёзув шу заҳотиёқ Адлия вазирлигига келиб тушади. Шу тариқа текшириш устидан тўлиқ назорат ўрнатилиб, ноқонуний текширишлар бўйича айбдор шахсларнинг қонун олдида жавобгарлиги таъминланади.
Сир эмас, ҳар қандай текширув тадбиркорни асосий фаолиятдан четлаштириб, турли оворагарчиликларга дучор қилади. Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони асосида ишлаб чиқилиб, парламент томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунидан кўзланган асосий мақсад ҳам хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш, шунингдек, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат органларининг тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлигини оширишдан иборатдир.
Хусусан, мазкур Қонундаги ҳуқуқий меъёр ва қоидалар назорат органларининг текширишларни амалга оширишдаги масъулиятини янада кучайтиради, бу жараёнда қонунбузилишига йўл қўйган айбдор шахслар учун жазо муқаррарлигини таъминлайди.
Яна “Текширишларни руйхатга олиш” китобининг электрон шакли- он-лайн тизим хақида гапирадиган бўлсак эндиликда текширувчининг фаолияти тўлиқ назоратда, хўжалик юритувчи субъектнинг ҳуқуқи эса давлат ҳимоясида бўлади. Ушбу тизим имкониятларидан самарали фойдаланиш тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш механизмининг таъсирчанлигини янада кучайтиради, хусусий секторнинг эмин-эркин тараққий этишига қулай шароит яратади.