Янгиликлар
Ёшлар бандлигини таъминлаш
Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича учрашувлар ўтказиш режасига асосан, Жиззах давлат педагогика институтида тадбир ташкил этилди.
Унда Адлия вазирининг ўринбосари А.Усмонов, вилоят ҳокими ўринбосари Р.Кенжаев, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора масъул ходимлари, Жиззах ҳуқуқшунослик коллежи ўқитувчилари, битирувчи талабалар ва уларнинг ота-оналари ҳамда иш берувчи ташкилот ҳамда идора масъул ходимлари иштирок этишди.
Тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда таълим тизимига катта эътибор қаратилаётганлиги, ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини узлуксиз равишда ривожлантириш, баркамол авлодга қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг сифатли таълим олишлари ҳамда етук мутахассис бўлиб етишишлари учун барча имкониятлар эшиги очиқ эканлиги таъкидланди. Жиззах вилояти ҳокими томонидан 2013 йил 8 февраль куни тасдиқланган вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимидаги касб ҳунар коллежларининг 2012-2013 ўқув йилиги битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича бириктирилган корхона, ташкилот ва идоралар раҳбарлари рўйхатига асосан коллежларга идора ҳамда ташкилот раҳбарлари бириктирилганлиги таъкидлаб ўтилди.
2012-2013 ўқув йилида вилоятдаги 75 та касб-ҳунар коллежларини 66 та мутахассислик (касб)лар бўйича 18288 нафар ўқувчилар битираётганлиги, ушбу битирувчиларни бандлигини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан хамкорликда битирувчиларни ишлаб чиқариш амалиётини ўташини ташкил этиш ва кейинчалик ишга жойлашишига кўмаклашиш учун аниқ корхоналарга уч томонлама шартномалар асосида бириктиришни, шунингдек касб-ҳунар коллежларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашни ҳамда педагоглари малакасини оширишни назарда тутувчи қўшма чора-тадбирлар комплекси ишлаб чиқилди.
Чора-тадбирлар режасига асосан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун 15003 та янги иш ўринлари яратилиши, 53 маротаба бўш иш ўринлари ярмакалари ўтказилиши, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган ёшлар учун тижорат банклари томонидан 900 минг сўм маблағлар ажратилиши режалаштирилган.
Касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари давоматини тўлиқ таъминлаш, уларни ишлаб чиқариш амалиётига тўлақонли жалб этиш ҳамда 2012-2013 ўқув йилги битирувчиларини бандлигини таъминлаш мақсадида, 604 та корхона, ташкилот ва идоралар раҳбарлари ва халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари масул қилиб бириктирилди.
Вилоят ҳокимининг 2012 йил 7 июлдаги қарорига асосан касб-ҳунар коллежларида Васийлик кенгашлари ташкил этилди.
Касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларидан тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва уларни кейинчалик ўз бизнесини йўлга қўйишга йўналтириш мақсадида Марказий банк Жиззах вилояти бош бошқармаси билан хамкорликда таълим муассасалари битирувчилари орасида тадбиркорлик фаолиятини тарғиб қилиб, уларни микромолиявий хизматлардан барҳаманд бўлишларини таъминлаш учун семинарлар ўтказиш графиги ишлаб чиқилди.
Ушбу графикка асосан 2013 йилнинг 2 февралидан 16 мартига қадар хар бир таълим муассасасида тижорат банклари ходимлари томонидан ўқув семинарлари ўтказилди.
Йиғилишда касб-ҳунар коллежи битирувчилари ва уларнинг ота-оналари ёшларни иш билан таъминлашда яратилган имтиёз ва қулайликлар, амалдаги қонунчилик нормалари ҳақидаги саволларига тегишли мутахассислар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.