Янгиликлар
Аёллар фаоллигини ошириш
Жиззах вилояти Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, хотин-қизлар қўмитаси, адлия бошқармаси томонидан "Аёлларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришнинг долзарб масалалари" мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.
Семинар-тренингда ҳудуддаги хотин-қизлар қўмитаси раислари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, сиёсий партияларнинг "аёллар қаноти" фаоллари, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, адлия, ички ишлар, прокуратура, суд органлари вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг ҳудудий вакиллари, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида иштирокчилар аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, аёлларга нисбатан камситишларнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенция, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги, "Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармон ва бошқа тегишли норматив-ҳуқуқий хужжатларнинг амалиётдаги ижроси билан танишиб чиқдилар.
Тадбир давомида аёлларнинг ҳуқуқий билимлари, сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, бу соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, шунингдек, аёллар ташкилотларининг жамиятда ролини кенгайтириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш самарадорлигини кучайтириш масалалари муҳокама этилди.
Таъкидлаш лозимки, семинар-тренинг замонавий инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда ташкил этилган бўлиб, тадбир иштирокчилари томонидан тегишли мавзуга оид материаллар билан танишиш имконига эга бўлдилар. Шунингдек, тадбир иштирокчилари томонидан уч гуруҳга бўлинган ҳолда "Аёлларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришнинг долзарб масалалари", "Аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари" ҳамда "Аёлларнинг жамиятда фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлиги" мавзуларида интерактив тренинглар ўтказилди.
Семинар-тренингда экспертлар томонидан аёлларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш соҳасида миллий қонунчилик ва амалий тажриба, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, аёллар жамоат ташкилотларининг фаолияти очиб берилди.
Тадбир давомида хотин-қизлар қўмитасининг жойлардаги вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, тадбиркор аёллар ўртасида аёлларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти даражасини аниқлашга қаратилган ижтимоий сўров ўтказилди.