Янгиликлар
Давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлиги
Жиззах шаҳар ҳокимлигида Олий Мажлис Сенати аъзолари, вилоят ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, вилоят адлия бошқармаси, вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаси, вилоятдаги турли нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ва ОАВ маъсул ходимлари иштирокида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари IV-Миллий форумининг вилоят босқичи ўтказилди.
Тадбирда мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилишда нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокини янада кучайтириш борасида олиб борилаётган ишлар, мамлакатни ижтимоий-имқтисодий, гуманитар ривожлантиришнинг долзарб вазифаларини ҳал этишда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар, фуқаролар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини таъминлашда ва жамоатчилик назоратини амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштирокини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлигини таъминлаш таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларининг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқини ҳимоя қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда назорат қилувчи органларнинг роли, ҳудудларда нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси ресурс маркази фаолияти, мавжуд муаммо ва уларнинг ечимлари, шунингдек ОАВ ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги юзасидан маълумотлар берилди.
Тадбир якунида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ижтимоий шериклик алоқаларини янада мустаҳкамлашда фаол иштирок этган 10 дан ортиқ давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вилоят ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, вилоят адлия бошқармаси ва бошқа ҳамкор идораларнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.