Янгиликлар
Сайлов жараёнларини демократлаштириш – устувор вазифа
Жиззахда “Ўзбекистонда сайлов жараёнларини янада демократлаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусида ҳудудий семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти мутахассислари, вилоят, шаҳар, туман сайлов комиссиялари раислари, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати А.Эшмуродов ва бошқалар сайлов комиссиялари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қонун талаблари ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти, сайловолди ташвиқотини амалга ошириш вақтида ҳудудий оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш, сиёсий партиялар ва улар томонидан кўрсатиладиган номзодларга бу борада тенг шароитлар яратиш масалалари хусусида сўз юритди.
Семинар-тренинг давомида мамлакатимизда сайлов жараёнларини янада демократлаштириш мақсадида сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўтказиладиган сайловларнинг очиқ-ошкоралигини таъминлаш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, сиёсий партияларнинг фаоллигини ошириш масалалари ҳам кенг муҳокама этилди. Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси миллий сайлов қонунчилигини ривожлантиришда янги босқични бошлаб бергани алоҳида қайд этилди.
Ушбу масалалар юзасидан маърузаларда мамлакатимиз сайлов қонунчилигининг янада демократлаштирилиши самарасида сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнида қонун устуворлиги тамойилига амал қилиш бўйича ижобий ютуқларга эришилаётгани таъкидланди. Шу билан бирга, сайловларга тайёргарлик ва уларни ўтказиш жараёнида амалдаги қонунчилик ва умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилишнинг замонавий усул ва шаклларини жорий этиш, жойларда йўл қўйилган камчиликларни танқидий таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир иштирокчилари давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўтказилган сайловлар мониторинги натижалари билан таништирилди.
– Семинар-тренинг ҳар жиҳатдан фойдали бўлди, – дейди Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Дилшод Мирзааҳмедов. – Айниқса, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари ҳамда сиёсий партиялар фаоллари учун фикр алмашиш имконияти яратилгани диққатга сазовордир. Иштирокчилар томонидан сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятига оид саволларга экспертлар томонидан батафсил жавоб берилди. Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати, унда мамлакатимизда давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўтказилган сайловлар, сиёсий партиялар ва фуқароларнинг бу жараёндаги иштироки ҳамда сайлов комиссияларининг фаолиятига танқидий ёндашилди.
Тадбирда миллий сайлов қонунчилиги ва сайлов тизимини янада демократлаштириш, сайлов комиссиялари фаолиятида қонунийлик принципи талабларига риоя этиш, сиёсий партияларнинг фаоллигини кучайтириш, фуқароларнинг сайлов қонунчилигидан хабардорлик даражасини ошириш борасидаги вазифалар атрофлича муҳокама этилди.