Янгиликлар
Бунёдкорлик – давр талаби
Жиззах вилоятида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар аҳолининг турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилмоқда. Минтақада, шунингдек, фуқароларга малакали юридик хизмат кўрсатиш сифати ҳам юксалиб бораяпти. Ҳудудларда адлия тизимидаги давлат нотариал идоралари учун замонавий бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилаётгани фикримиз тасдиғидир.
Жиззах шаҳрида бунёд этилган Жиззах шаҳар 1-сон давлат нотариал идораси биноси шаҳримиз аҳолиси учун янги янги йил олдидан ажойиб совға бўлди. Бино нотариал ҳаракатлар билан боғлиқ юридик хизмат сифатини оширишга хизмат қилади. Бино қурилишига 1 миллиард сўмга яқин давлат маблағлари сарфланди. Барча замонавий технологиялар, тегишли анжомлар билан жиҳозланган мазкур бинода фуқароларга нотариал ҳаракатлар билан боғлиқ юридик хизмат кўрсатиш учун ҳавас қилса арзигулик шароитлар яратилган.
Бинонинг очилиш маросимида Жиззаҳ шаҳар ҳокимлиги, вилоят адлия бошқармаси раҳбарияти ва ходимлари, барча туман (шаҳар) давлат нотариал идоралари ходимлари, меҳнат фахрийлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Маросимда сўзга чиққанлар фуқароларга нотариал ҳаракатлар билан боғлиқ юридик хизмат кўрсатишнинг нақадар долзарблиги ва муҳимлигини эътироф этиб, давлатимиз томонидан бу соҳада ва уни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар хусусида гапирдилар.
Таъкидлаш ўринлики, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бир намунаси сифатида аҳолига юридик хизмат кўрсатиш, унинг сифатини ошириш фуқароларнинг тотувлиги ва фаровонлиги, пировард натижада, давлат ҳамда жамият барқарорлигининг муҳим шартидир.
Шунингдек, тадбир қатнашчилари фуқаролар учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар, имкониятлар уларнинг ватанга муҳаббат, юртга садоқат руҳи ила камол топишларига замин яратаётганини қайд этдилар.
Тадбир якунида бино қурилишида иштирок этган бир гуруҳ қурувчиларга вилоят адлия бошқармасининг эсдалик совғалари топширилди.