Янгиликлар
Норма ижодкорлиги жараёнлари
Самарқанд вилоят адлия бошқармасида Самарқанд, Жиззах вилоятлари ҳокимликлари ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви ҳудудий органларининг ва бошқа ташкилотларнинг ҳуқуқшунослари ҳамда бевосита норма ижодкорлиги билан шуғулланувчи ходимлари, шунингдек ушбу вилоятлардаги туман, шаҳар ҳокимликларининг ҳуқуқшунослари иштирокида янги таҳрирда қабул қилинган “Норматив-ҳуқуқий хужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ўтказилди.
Семинарда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Х.Маматов муҳтарам Юртбошимизнинг 2010 йил 12 ноябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” номли маърузасида мамлакатни демократик янгилашнинг бугунги босқичидаги энг муҳим йўналишларидан бири, бу – қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлашда “Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш” йўналиши муҳим аҳамиятга эга эканлигига эътибор қаратди.
Таъкидландики, айнан шу йўналишда белгилаб берилган устувор вазифаларни самарали бажариш мақсадида 2012 йил 24 декабр кунида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрири қабул қилинди. Нотиқ ўз сўзида, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тайёрланадиган норматив-ҳуқуқий хужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига тўла мувофиқлиги, ҳар тамонлама мукаммаллиги, юридик техника жиҳатидан юксак даражада расмийлаштирилганлиги ижтимоий муносабатларнинг самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади, деб таъкидлади.
Янги таҳрирда қабул қилинган қонун норматив-ҳуқуқий хужжатларнинг тайёрланишига тизимли дастур ёки режа асосида йўл қўйилиши, вазирлик, давлат қўмитаси ва идоралар қайта ташкил этилганда ёки тугатилганда ҳуқуқий ворислик масалалари, қабул қилинадиган қонун хужжатларнинг ҳаётга татбиқ этилишини таъминлайдиган механизмларни белгилаш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш ва ташкил этишга бағишланган нормалар билан тўлдирилди. Қонунда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар фаолиятида қонун ҳужжатлари талабларига, қонунийликка риоя этилишининг мониторинги ҳамда назоратини амалга оширилиши алоҳида моддада белгилаб қўйилди.
Семинар давомида янги таҳрирда қабул қилинган “Норматив-ҳуқуқий хужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг мазмун моҳиятига атрофлича тўхталиб ўтилди. Хусусан, “Норматив-ҳуқуқий хужжатлар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонунга киритилган янгиликларнинг мазмун-моҳияти”, “Ҳудудий адлия органлари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишнинг айрим масалалари тўғрисида”, “Норматив-ҳуқуқий хужжатлар ижроси устидан назорат ва мониторинг олиб бориш”, “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-хуқуқий хужжатларини тайёрлаш ва расмийлаштириш тартиби” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Семинар якунида иштирокчилар томонидан ушбу қонуннинг амалиётга тўғри татбиқ қилиниши юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди.