Янгиликлар
Ўтган йил сарҳисоби ва режалари
Жиззах вилоят адлия бошқармаси Ҳайъатининг 2015 йил давомида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Жиззах вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Э.Ходжақулов бошқарган йиғилишда Ҳайъат аъзолари, бошқарма ходимлари, давлат нотариал идоралари нотариуслари ва ходимлари, ФҲДЁ бўлимлари мудир(а) ва инспекторлари иштирок этдилар.
Йиғилишда раислик қилувчи томонидан бошқарма томонидан ўтган 2015 йил давомида бир қатор ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди.
Бошқарма раҳбарияти томонидан жисмоний шахслар шахсий қабули, шу жумладан сайёр қабул орқали жами 66 нафар жисмоний шахсларнинг (шундан сайёр шахсий қабуллар орқали 37 та) мурожаатлари қабул қилинди. Ушбу мурожаатларнинг 42 таси қаноатлантирилди, 22 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди, 2 та мурожаат тааллуқлилиги бўйича юборилди.
Судларга фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари манфаатини кўзлаб ҳамда шартномавий муносабатларга оид жами 16 млрд. 729 млн. сўмлик 2400 та даъво аризалари киритилиб, 13 млрд. 090 млн. сўмлик 2362 та даъво аризалари қаноатлантирилди. Шундан, мансабдор шахсларга нисбатан 105 та 22 млн. 304 минг сўмлик моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан даъво аризалари киритилди.
Ўтказилган ўрганишларда 56272 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тегишли идораларга 530 та тақдимнома киритилди. Киритилган тақдимномаларнинг жойлардаги муҳокамаси натижаси билан 469 нафар шахслар интизомий жавобгарликка тортилди, шундан 21 нафари вазифасидан озод этилди ҳамда қонун ҳужжатларига зид равишда қабул қилинган 138 та ҳужжатлар бекор қилинди ва 9 та ҳужжатлар ижроси тўхтатилди. Шунингдек, киритилган тақдимномаларга асосан фуқароларга 795 млн. 182 минг сўм, фермер хўжаликларига 1 млрд. 831 млн. 126 минг сўм пул маблағлари тўлаб берилиши таъминланди.
Тегишли идораларга маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги 145 та таклифлар киритилиб, 141 нафар мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди, айбдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан 5 та таклиф киритилган бўлиб, уларга асосан 2 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди.
Қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётидан келиб чиқиб ҳамда хорижий давлатлар қонунчилигини ўрганган ҳолда Адлия вазирлигига 85 та қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида таклифлар берилди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун жами 127 та ҳужжат лойиҳаси тақдим этилган бўлиб, шундан 32 таси халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари қарор лойиҳаси, 93 таси вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг қарори лойиҳаси, 125 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди, 79 та қарор лойиҳалари бўйича эътирозларсиз амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса берилди ҳамда 2 та лойиҳалар белгиланган талабларга риоя қилинмай тақдим қилинганлиги сабабли қайтарилди.
Вилоятда 60 та хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатига олиниб, реестрга киритилган.
2015 йилда юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўлими томонидан 9 та қўшма корхоналар давлат рўйхатидан ўтказилди ҳамда 2 та бошқа вилоятдан келган қўшма корхона ҳисоб рўйхатига олинди.
Йиғилишда қилинган ишлар билан бир қаторда бошқарма, унинг тизимидаги ФҲДЁ бўлимлари ва ДНИлари фаолиятида йўл қўйилган хато ва камчиликларга асосий эътибор қаратилди.
Хусусан, ижро интизоми, ўтказилаётган тадбирлар мониторинги, ўрганишлардаги қонунчилик талаблари, мурожаатларни кўриб чиқишдаги камчиликлар аниқ мисолларда кўрсатиб ўтилди. Улар юзасидан масъул ходимларнинг ахборотлари тингланди.
Аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик алоҳида таъкидланди. Бунда бошқарма, унинг тизимидаги ФҲДЁ бўлимлари ва ДНИлар масъул ходимларининг фаоллигини ошириш, масъулиятини кучайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан Бошқарма ҳайъатининг тегишли қарори қабул қилинди.