Янгиликлар
Ҳуқуқий тарғибот - давр талаби
Ю.Ражабий номидаги Жиззах вилоят мусиқали драма театрида Жиззах вилоят адлия бошқармаси, вилоят ҳокимлиги, вилоятдаги давлат бошқаруви органлари ва жамоат бирлашмалари кўмаги ёрдамида аҳоли ва жамият аъзоларини ислоҳотларнинг ҳуқуқий асослари билан яқиндан таништириш, уларни ҳуқуқий ахборот ва адабиётлар билан таъминлаш, ёшларга миллий давлатчилик анъаналари тўғрисида объектив маълумотларни етказиш, фуқароларни давлат ва жамият ҳаётида юз бераётган сўнгги ўзгаришлардан хабардор қилиш асносида ижтимоий фикрни янада соғломлаштириш мақсадида ўқув семинар ўтказилди.
Тадбирда вилоятдаги барча умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари, давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд идоралари, фуқаролик жамияти институтлари, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг маънавий-маърифий, шунингдек, ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасига маъсул ходимлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлида ҳар бир фуқародан ижтимоий фаол бўлишни, эркин ва фаровон ҳаёт, озод ва обод Ватан барпо этиш учун фидойилик кўрсатиб яшаш ва меҳнат қилишни талаб этади.
Мустақилликнинг дастлабки йилларданоқ, давлатимиз томонидан барча соҳаларга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Фуқаролик жамиятига асосланган ҳуқуқий давлат барпо этишнинг асосий воситаларидан бири аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда жамият аъзоларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳисобланади. Ватанимизнинг ривожланиши ва ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан халқнинг ҳуқуқий онги ҳамда ҳуқуқий маданияти даражасига боғликдир.
Бу борада Президентимиз томонидан 1997 йил 25 июнда “Ҳуқуқий тарбияни яхшилаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, ҳуқуқшунос қадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ишини яхшилаш ҳақида”ги Фармони қабул қилиниб, унда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва ҳуқуқий тарбиясини яхшилаш юзасидан олиб борилаётган ишлар-давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланган, шунингдек, республикада ҳуқуқий давлат қурилиши йўлида олиб борилаётган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотлар ва бу борада қабул қилинган қонунлар моҳиятини аҳоли томонидан чуқур англаб етишига ҳар томонлама кўмаклашиш – давлат бошқарув, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, ўқув юртлари ҳамда ҳуқуқшунос олимларнинг энг долзарб вазифалари эканлиги кўрсатилган.
Тадбир сўнгида ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги ишларни янада ривожлантириш мақсадида барча давлат органлари ва жамоат бирлашмаларига таклиф ва тавсиялар билдирилди.