Янгиликлар
Ҳамкорлик муносабатларининг ҳуқуқий асослари
Таъкидланганидек, мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида давлат ва жамият ҳаётини янада демократлаштириш, фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлаш йўлида изчил ислоҳотлар жараёни кечмоқда.
Хусусан, давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан фуқаролик жамияти институтларининг асосий бўғини бўлган маҳалла институтига, ўзини ўзи бошқариш органларига берилган жиддий эътибор самарали натижалар бермоқда.
Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика ва ҳудудий Кенгашларнинг ташкил этилганлиги ҳам, жамият ҳаётида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиб бораётган маҳалла институтининг ривожланишида муҳим қадамлардан бири бўлди. Чунки, мазкур Кенгашлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштириш, қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатларини амалга оширилишига кўмаклашиш, улар фаолиятидаги муаммоларни комплекс ўрганиш ва тизимли ҳал қилиш юзасидан аниқ асосланган таклифлар ҳамда таъсирчан механизмлар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши томонидан ҳар йили “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури” ишлаб чиқилиб амалиётга тадбиқ этилмоқда.
Бундан ташқари, Кенгаш томонидан фуқаролар йиғинлари фаолиятига оид ижобий тажрибаларни оммалаштиришга қаратилган танловлар ташкил этиш ҳамда фуқаролар йиғинларига берилган ваколатларни кенг амалиётга жорий этишга қаратилган ўқув семинарлар ўтказиш бўйича ҳам муҳим қарорлар қабул қилиб келинмоқда.
Тадбир иштирокчиларига фуқаролар йиғинларида ҳисобот бериш мажбурийлиги, уни тайёрлаш ва ҳисоботни эшитиш жараёнидаги ташкилий ишлар, ҳисобот йиғилишларини расмийлаштириш ҳамда уларни тегишли бошқарув идораларига юбориш, унинг натижаларини ўрганиш тартиб қоидалари бўйича тавсиялар берилди.
Шундан сўнг, туман ҳокими томонидан маҳалла фуқаролар йиғинларига (вакиллар йиғилишига) ҳисобот тақдим этиш бўйича намунали йиғилиш ўтказилди.
Мазкур намунали йиғилишга семинар иштирокчилари ҳамда тумандаги қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда унинг таркибидаги фуқаролар йиғинларидан сайланган вакиллар иштирок этишди.
Туман ҳокимининг вакиллар олдидаги ҳисоботида фуқаролар йиғини ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича олиб борилаётган амалий тадбирлар хусусан, ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, атроф- муҳитни муҳофаза қилиш ва санитария ҳолатини яхшилаш, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож, кам даромадли қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этиш ва уларни ривожлантириш, ҳудуддаги аҳолининг айниқса, коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар, коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ҳамда ҳудуддаги деҳқон ва фермер ҳўжаликларини қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган фаолият ҳақида аниқ рақамлар акс эттирилди.
Туман ҳокимининг ҳисоботида баён этилган тадбирлар юзасидан қишлоқ фуқаролар йиғинлари вакиллари ўз муносабатларини билдирдилар.
Шунингдек, вакиллар томонидан ҳудуддаги айрим муаммо ва камчиликлар бўйича шаҳар ҳокимига ва бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлар раҳбарларига бир қатор таклиф ва тавсиялар билдириб ўтилди.
Қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтказилган семинар ва ҳисобот йиғилишида келгусида ҳам фуқаролар йиғинларининг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи бу каби йиғилишларни тизимли равишда ўтказиб бориш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.