Янгиликлар
Вилоят босқичи якунланди
“Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамда “Келажак овози” ёшлар ташаббуслар маркази томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Келажак овози” республика кўрик-танловининг Жиззах вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Унда кўрик-танловнинг шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган 600 нафардан зиёд йигит-қиз иштирок этди. Улар архитектура ва дизайн, ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлари ва техник ишланмалар, тасвирий ва амалий санъат, бадиий ижод ва публицистика номинациялари бўйича ўз қобилиятини намойиш этди.
– Бу галги кўрик-танловда ёшларнинг ишланмалари аввалги йилларга қараганда янада ранг-баранглиги билан эътиборни тортди, – дейди кўрик-танлов ҳайъати аъзоси, Жиззах политехника институти ўқитувчиси Ропижон Исломов. – Танловга тақдим этилган кўплаб лойиҳалар ёшларнинг билим доираси йил сайин кенгайиб бораётганлигини кўрсатди. Бу уларнинг чуқур билим олиши, ўз устида изланиши, иқтидор ва қобилиятини намойиш этиши учун яратилган шарт-шароитнинг амалий натижасидир.
Ғолиб деб топилган 45 нафар иштирокчи кўрик-танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.