Янгиликлар
Текширишларни рўйхатга олиш китобининг электрон шакли
Жиззах шахрида вилоят адлия бошқармаси томонидан Адлия вазирлиги тасдиқлаган режа жадвалига асосан “Текширишларни рўйхатга олиш китобининг электрон шаклини тўлдириш тартиби ва унинг аҳамияти” мавзуида семинар ташкил этилди.
Тадбирда текширишларни рўйҳатга олиш китобини электрон шаклини тўлдириш тартиби борасида сўнгги йилларда мамлакатимизда қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва уларни амалиётда қўллаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Адлия вазирлигининг янги лойиҳаси – “Текширишларни руйхатга олиш китобининг электрон шакли” жорий этилиши билан боғлиқ тартиб-таомиллар қатнашчилар эътиборига тақдим этилди. Мазкур он-лайн тизими ёрдамида тадбиркорлар ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувларни тезкорлик билан аниқлаш ва уни бартараф этиш мумкин бўлади. Яъни, эндиликда ўтказилаётган ҳар бир текширишни Адлия вазирлиги томонидан бевосита назорат қилиб бориш ва қонунийлигини таъминлаш имконияти яратилди. Учрашувда ушбу он-лайн тизим, ундан фойдаланиш тартиби хусусида тушунтириш берилди.
Шунингдек, сўнгги йилларда қабул қилинган қонун ҳужжатларига асосан тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар ва имкониятлар яратиш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш масалалари билан бир қаторда тадбиркорлар фаолиятига аралашувларни янада чеклашга қаратилган меъёрлар, хусусан, Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тартиблари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифаларни амалиётга татбиқ этиш натижасида назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширишлар ўтказиш кескин қисқартирилди.
Бундан ташқари Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш махсус ваколатли орган томонидан амалга оширилиши қайд этилиб, ҳар қандай текшириш албатта ушбу ваколатли органнинг тегишли рухсати билангина ўтказилиши белгиланди.
Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ва тафтиш қилиш белгиланган тартибда фақат давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилиши, уларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларининг эса фақат суд тартибида қўлланилиши мустаҳкамланди.
Анжуманда мазкур қонун ҳужжатларининг моҳияти, текширишлар тартибларига оид қоидалар хусусида батафсил маълумот берилди. Ноқонуний аралашувларнинг олдини олишда “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”нинг жорий этилган электрон шакли таъсирчан механизм булиши қайд этилди.
Муҳокамаларда назорат қилувчи органлар масъул ходимлари томонидан қонун ҳужжатларига қатъий риоя этиш, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатувчи идоралар томонидан белгиланган талаблар даражасида иш олиб борилиши қонунийликни таъминлашга, тадбиркорларнинг давлат органларига нисбатан ишончи ортишига ва ўз навбатида уларнинг иқтисодиётдаги улушининг янада кўпайишига хизмат қилиши эътироф этилди.