Янгиликлар
Нодавлат - нотижорат ташкилотларининг қонунчилигини такомиллаштириш
Жиззах вилояти адлия бошқармасида вилоят адлия бошқармаси, вилоят солиқ бошқармаси ва вилоят статистика бошқармаси томонидан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунининг мазмун - моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш юзасидан “Нодавлат - нотижорат ташкилотларининг қонунчилигини такомиллаштириш” мавзусида семинар йиғилиши ўтказилди.
Тадбирда вилоятдаги турли давлат бошқаруви ва нодавлат - нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этиб, уларга мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларининг қонунчилигини такомиллаштириш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан хозирги кунда ННТлар фаолиятини ташкил этиш ва фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг бир қатор қарорлари қабул қилинганлиги, бунга мисол қилиб, Президентимизнинг 2013 йил 12 декабрдаги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги қарорини келтириш мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, ушбу қабул қилинган қарорлар билан нодавлат нотижорат ташкилотларига бир қатор енгилликлар яратилганлиги, давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи миқдори 5 бараварга, уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимлар миқдори 2,5 бараварига камайтирилганлиги, нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатлари адлия органлари томонидан амалдаги норматив - ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилганидек икки ой муддат ўрнига бир ой муддатда кўриб чиқилиши белгиланганлиги, юридик шахслар олти ой мобайнида банк ҳисоб варақлари бўйича пул операцияларини ўтказиш билан боғлиқ молия - хўжалик фаолиятини амалга оширмаган тақдирда уларни тугатиш учун асос бўлишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 53-моддаси қоидаси нодавлат нотижорат ташкилотларига жорий этилмаслиги белгилаб қўйилганлиги тушунтирилди. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 15 январдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини тугатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори билан “Нодавлат нотижорат ташкилотларни тугатиш тартиби тўғрисидаги низом” тасдиқланганлиги, 2015 йил 4 июнь куни Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруғига асосан “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини келишиш тартиби тўғрисидаги низом” ҳамда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан адлия органларига тақдим этиладиган ҳисобот шакллари тасдиқланганлиги, мазкур низомда нодавлат нотижорат ташкилотлари қайси тадбирларни ўтказиш учун келишиш лозимлиги ёки қайси тадбирларни ўтказиш учун розилик олиниши шарт эмаслиги аниқ белгилаб қўйилганлиги ва тадбирлар тушунчасига аниқ таърифлар берилганлиги, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан тақдим этиладиган ҳисобот шакли 42 банддан иборат бўлган бўлса, янги ҳисобот шакли соддалаштирилиб 35 банддан иборат бўлиб деярли 30% қисқартирилганлиги тушунтириб ўтилди.
Бундан ташқари, шу ўринда янги киритилган ўзгартиришлардан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 2016 йил 25 апрель кунги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганлиги, биргина Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 239-моддаси санкцияларидаги «эллик бараваридан юз бараваригача» ва «юз бараваридан юз эллик бараваригача» деган сўзлар тегишинча «ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача» ва «ўттиз бараваридан эллик бараваригача» ўзгартиришлар киритилганлиги, шунингдек, мазкур модда қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилганлиги, «Нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет давлатлар фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан рўйхатдан ўтказувчи органнинг розилигисиз пул маблағлари ва мол-мулк олганлиги учун мансабдор шахсларга энг кам иш хақининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши» белгиланганлиги айтиб ўтилди.