Янгиликлар
Ахборот хизматлари салоҳиятини ривожлантириш давр талаби
Тошкент шахрида Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан журналистларни қайта тайёрлаш маркази билан ҳамкорликда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан адлия органлари ахборот хизматлари ходимлари учун “Ҳудудий ахборот хизматлари салоҳиятининг ривожланиши, уларнинг ОАВ билан ҳамкорликдаги фаолияти” мавзусида минтақавий семинар-тренинг ўтказилди.
Таъкидланганидек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, аҳолини амалга оширилаётган ислохотлар ҳақида тизимли равишда хабардор қилиш мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялаш, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг энг муҳим йўналишидир.
Ўзбекистонда ахборот хизматлари салоҳиятини ривожлантириш учун ташкилий-ҳуқуқий, техникавий шароитлар яратилган, шу боис қўшма лойиха доирасидаги мазкур семинар-тренинг мақсади давлат тузилмаларининг очиқлиги ва фуқаролар хабардорлигига эришиш, фуқаролар манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича янада самарали фаолият юритиш учун уларнинг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари билан ишлаш сифати ва самарадорлигини изчил амалга ошириш масалаларини муҳокама этишдан иборат бўлди.
Тренинг доирасида амалий машғулотлар билан бирга назарий тақдимотлар ўтказилди. Иштирокчилар ўз хизмат фаолиятларига доир долзарб вазифалар борасида билим ва кўникмаларини оширдилар. Ҳокимият органларида шу жумладан адлия органлари ахборот иши ўзига хос жиҳатлари, матбуот хизматлари асосий мақсад ва вазифалари, турли ОАВ билан ишлаш принциплари муҳокама этилиб, пресс-релиз тайёрлаш қоидалари, матбуот анжумани ва брифинглар ўтказишни ўргандилар.
Тренингнинг муҳим таркибий компоненти бу ОАВ билан самарали ҳамкорлик қилиш, жумладан ОАВни тўғри танлаш, ўзаро ҳамкорлик этикаси, ОАВ учун ахборот материалларини тайёрлаш масаласи бўлди.
Журналистлар билан ҳамкорлик матбуот хизматларига жамоатчиликни ўз вақтида ўз фаолияти ҳақида хабардор қилиш имконини беради ва ташкилот ҳақида ижтимоий фикрни шакллантириб, фуқаролар учун унинг очиқлигини таъминлайди.