Bog'lanish

Telefon
(372) 223-53-58

Elektron manzil
jizzax@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni1008

Янгиликлар

19

Хорижий сармояларни кенг жалб қилиш


Жиззахда вилоят ҳокимлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси савдо-саноат палатаси Жиззах вилояти худудий бошқармаси билан ҳамкорликда "Инвестицион фаолиятда давлат бошқаруви масалаларини такомиллаштириш" мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатига давлат ҳокимият органлари вакиллари, тижорат банклари, лизинг ва суғурта компаниялари ходимлари, тадбиркорлар таклиф этилдилар.

Тараққий этган мамлакатлар амалиёти шуни кўрсатадики, инвестиция жалб қилмай туриб, иқтисодиётни етарли даражада ривожлантириб бўлмайди. Ана шуни эътиборга олиб, давлатимиз томонидан юртимизда инвестицион муҳитни шакллантиришга шароит яратиш, уни тезлаштириш ва рағбатлантириш мақсадида бир қатор қонунлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмокда. Бу борада "Инвестицион фаолият тўғрисида", "Чет эл инвестициялари тўғрисида", "Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бир қатор қонун ости ҳужжатлари қабул қилинди.

Давра суҳбатида сўз олганлар хорижий инвестицияларга асосланган инвестицион фаолиятда давлат бошқаруви масалаларини такомиллаштириш, яъни маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг хорижий инвестицияларни тўғридан-тўғри мустақил жалб қилиш ваколатларини кенгайтириш орқали уларнинг имкониятларини мустаҳкамлаш, чет эл инвесторлари учун яратилган мавжуд қулайликлардан ташқари амалдаги қонунчилигимизга ҳамда айрим меъёрий хужжатларга киритилиши керак бўлган бошқа таклифларни кенг муҳокамага қўйишди.

Шу билан бирга корхоналарни давлат рўйхатига олиш, инвестициялар жалб қилишга жавобгар ташкилотларнинг салоҳият ва имкониятларини кучайтириш, Жиззах вилоятида мавжуд инвестицион имкониятлар, Зомин туманида туризм соҳасини ривожланиш истиқболлари каби мавзуларда сўз юритдилар.

БМТТД нинг “Маҳаллий бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш: фуқаролик иштироки ва ҳамкорлик” лойиҳаси Жиззах ва Наманган вилоятларида давлат ҳокимияти органлари ва хусусий сектор ҳамкорлигини кучайтириш ҳамда вилоятларнинг туризм салоҳиятини юксалтириш борасида 2011 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда.

Мазкур давра суҳбати ҳам мамлакатда инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, хусусийлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва реконструкция қилиш, ҳудудлардаги ортиқча ишчи кучи мавжуд бўлган минтақалардаги янги иш жойларини яратиш дастурларини амалга оширишга тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, шунингдек хорижий инвесторлар учун ишончли ҳуқуқий ҳимоя ва кафолатларни таъминлашга хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, вилоятда инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлаш бу каби ишлар изчилликни талаб қилади. Шунингдек туризм соҳасини ривожлантириш, айниқса Зомин туманининг туристик салоҳиятидан унумли фойдаланиш, вилоятдаги инвестицион муҳитнинг айни дамдаги ҳолати, имкониятлари ҳақида мулоҳаза юритилди.

Шундан сўнг бу борадаги ишларни амалга ошириш борасида мавжуд камчиликлар атрофлича муҳокама қилиниб, давра суҳбатида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.