Янгиликлар
“Маҳалла аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этишда муҳим бўғин”
“Маҳалла аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этишда муҳим бўғин”
Юртимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқни фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш бўйича изчил амалга оширилаётган ислоҳотларни хаётга тадбиқ этишда жамиятнинг энг муҳим бўғини ҳисобланган маҳалла институтининг ўрни ва аҳамияти юқоридир.
Бутун дунё эътироф этаётган маҳалла институти жамиятда тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва қадриятларни асраб-авайлаш, оилалар жипслилигини таъминлаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этишда халқимизга энг яқин ижтимоий тузилма ҳисобланади.
Мазкур институтни жамият бошқарувидаги ўрни ва фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида сўнги пайтларда бир қатор норматив-ҳуқуқий хужжатлар қабул қилиниб хаётга тадбиқ этилмоқда.
Хусусан, 2018 йил 15 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида"ги қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 апрелдаги «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинганлиги бу йўлда ғоят муҳим ҳуқуқий қадам бўлди.
Ушбу қабул қилинган Фармонда мурожаатлар билан ишлаш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича “маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла” принципи асосида ҳамкорлик тизими жорий қилинмоқда, мазкур тизимнинг асосий йўналишлари ва ўзаро ҳамкорликнинг батафсил тартиби белгиланди.
Шу билан бирга, жамоатчилик асосида фуқаролар йиғини раиси ўринбосари – ижтимоий ва маънавий-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчи ҳамда фуқаролар йиғини раиси ўринбосари – тадбиркорлик, томорқа ер эгалари фаолиятига кўмаклашиш ва ободонлаштириш ишлари бўйича маслаҳатчи лавозимлари жорий этилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлашда кекса авлод вакиллари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг нафақадаги ходимлари бой ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланиш мақсадида “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари ташкил этилади.
2019 йил 1 июндан бошлаб фуқаролар йиғинлари ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашлари раисларининг биринчи ўринбосарлари томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котиблари ойлик иш ҳақи фонди жорий йилда 1,5 бараварга оширилади.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасига Республика маҳаллалар кенгаши томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик, фуқаролар йиғини қарорини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик ҳамда фуқаролар йиғини раиси фаолиятининг кафолатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш ҳамда кадрларни маҳалла бошқаруви жараёнига мақсадли қайта тайёрлаш бўйича амалдаги ўқитиш тизимига оид муаммоларни ўрганиш асосида уни янада такомиллаштириш юзасидан таклифларни, фуқаролар йиғинлари, уларнинг ходимлари ва жамоатчилик асосида фаолият юритаётган шахслар фаолиятини рейтинг баҳолаш мезонлари асосида рағбатлантириш тартибини ишлаб чиқиш белгиланди.
Фармонда белгиландики, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига фуқаролар йиғинлари томонидан фойдаланиб келинаётган давлат мулки бўлган биноларни бириктирилган ер майдонлари билан биргаликда хатловдан ўтказиш, уларни белгиланган тартибда фуқаролар йиғинларига мулк ҳуқуқи билан берилишини ҳамда ҳар чоракда тасдиқланган график асосида ҳудудий марказларда “Маҳалла маркази” мажмуалари ва намунавий лойиҳалар асосида фуқаролар йиғинлари биноларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳолати тўғрисида ахборот бериб бориш тоширилди.
Маҳалла институти ҳақида гапирилганда "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида"ги қонунига алоҳида тўҳталиб ўтиш лозим деб ўйлиман.
Сабаби Қонунда бир қатор янгиликлар бўлиб унга кўра эндиликда фуқаролар йиғини ёки фуқаролар вакиллари йиғилишининг сайловларини ташкил қилиш ва ўтказиш, санаси, вақти ва ўтказиш жойи, бу лавозимга номзодлар ҳақидаги маълумотлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш кенгашлари сайтида сайлов ўтказиш кунидан камида беш кун олдин эълон қилинади.
Фуқаролар йиғини раисини сайлашда овоз бериш жараёни қатъий равишда сайлов бюллетенларини тўлдириш орқали яширин шаклда ўтказилади. Илгари эса яширин ва очиқ овоз бериш шаклларидан фойдаланилган.
Ҳовлилар, кўп қаватли уйлар ва кўчалардан сайловларга вакиллик меъёри аввалгидек шаҳар ёки вилоят комиссияси томонидан белгиланади, бироқ фуқаролар вакиллари сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг 12 фоизидан кам бўлмаслиги белгилаб қўйилди.
Раисларни сайлаш учун ўрнатилган тартиб уларнинг маслаҳатчиларига қўлланилмайди. Маслаҳатчилар оқсоқоллар сайловлари натижаларига кўра бир ой давомида сайланади ва бир вақтнинг ўзида кенгаш, фаолиятнинг асосий турлари бўйича комиссиялар ва фуқаролар йиғинининг тафтиш комиссияси шакллантирилади.
Овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғининг овозини олган номзод фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига сайланган, деб ҳисобланади.
Фуқаролар йиғини раисининг навбатдаги сайлови 2019 йил май ойида ўтказилади.
Шу ўринда фуқаролар йиғинлари амалдаги раисларининг (оқсоқолларининг) сайловлари муҳим сиёсий жараён бўлиб барча фуқароларимизни сайловларда фаол иштирок этишларига чақираман зеро, маҳалла аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этишда жуда муҳим бўғин ҳисобланади.
Ш.Саидов
Жиззах вилоят адлия
бошқармаси бошлиғи