Bog'lanish

Telefon
(372) 223-53-58

Elektron manzil
jizzax@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni1008

Янгиликлар

08

COVID-19 пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлиги


Бугунги кунда дунёда SARS-CoV-2 коронавирусининг шиддатли тарқалишидан у ёки бу даражада таъсирланмаган ҳеч бир мамлакат ёки, аниқроқ айтганда, ҳеч бир инсон ҳам бўлмаса керак. Бу таъсирнинг қўламини таҳлилчилар II Жаҳон уруши ёхуд 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан сўнг вужудга келган даврлар билан қиёслашмоқда. Инсоният давлатлараро қуролли тўқнашувлар ва халқаро терроризмнинг олдини олишга қаратилган протоколларни қўллаш орқали таҳликали замонларга мослашгани каби, 2020 йилдан бошлаб эпидеомологик хавф-хатарлар кучайган шароитларда ўз фаолиятини олиб бориш учун тегишли нормалар ишлаб чиқишга мажбур бўлаётгани тобора аён бўлиб бормоқда.

Коронавирусли инфекцияларни ўрганувчи мутахассислар фикрига кўра, карантин чораларидан эришиладиган натижалардан сўнг ҳам бир қатор чекловлар ва қатъий қоидаларга риоя этиш зарурати сақланиб қолади. Чунки, экспертларнинг таъкидлашича, ишлаб чиқилаётган вакциналар клиник синовининг 10-14 ойда мувофаққиятли якунланиши ва оммавий равишда аҳолини эмлашдан ўтказилишидан сўнггина чекловларнинг аксариятини буткул олиб ташлаш бўйича фикр юритиш мумкин бўлади. Мазкур ютуқлар эришилгунга қадар экспертлар коронавируснинг бир қанча “тўлқинлари”га дош беришга тайёр бўлишни маслаҳат беришмоқда. Бу, ўртача ҳисобларга кўра, дунёнинг илгариги гавжум ҳолига яқин 1-2 йил давомида тўлиқ қайта олмаслигини билдиради.

COVID-19 пандемияси билан боғлиқ ушбу шароитларда аҳоли истеъмоли учун асосий турдаги қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ҳамда етказиш масаласи дунё миқиёсида энг долзарб вазифа сифатида кун тартибига чиқмоқда. Ушбу вазифанинг аҳамияти бугунги кунда коронавирусга қарши тўйимли ва тўғри овқатланиш орқали шаклланадиган инсон иммунитетидан бошқа ҳеч бир даво омили ҳозиргача йўқлиги билан ҳам боғлиқ бўлмоқда.

Дунё озиқ-овқат бозоридаги ҳолат

Мутахассислар бугунги кунга қадар пандемиянинг дунё бозорларида озиқ-овқат нархларига таъсири сезилмаётганини таъкидлашмоқда. Хусусан, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг нарх индекслари маълумотларига кўра, озиқ-овқат бозорларида 2020 йил январь-март ойларида коронавирус тарқалиши шароитларида нархлар барқарор бўлганлиги ва, ҳатто, гуруч, маккажўхори нисбатан (яъни, 1 фоизга), шакар ва ўсимлик мойлари эса сезиларли (12-14 фоизга) арзонлашганини ҳам кўрсатди.

Коронавирус тарқалган кўплаб давлатларда кузатилган “ваҳимадор харидлар” натижасида озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий турлари вақтинча пештахталардан йўқолишига олиб келди. Бироқ, ҳатто, шундай ҳолларда ҳам коронавирус билан боғлиқ истеъмолчилар ҳатти-ҳаракатлари маҳаллий нархларга қарийб таъсир қилмади. Таққослаш учун, 2002-2003 йиллардаги “Атипик зотилжам” (SARS-CoV-1), 2013-2017 йиллардаги “Парранда гриппи” (HPAI) ва 2012-2015 йиллардаги Яқин Шарқ респиратор синдроми коронавируси (MERS-CoV) тарқалиши даврларида уй ҳайвонлари ҳам касалланганлиги сабабли озиқ-овқат маҳсулотларининг маҳаллий нархларида ўзгаришлар анча кучлироқ бўлган. ФАО мутахассисларининг башоратига кўра, глобал миқёсда озиқ-овқат заҳиралари етарли даражада тўпланган ва 2020 йил давомида ушбу ҳолат сақланиб қолади.

Шунинг билан бир қаторда ФАО экспертлари жорий йил апрель ва май ойларидан бошлаб вужудга келиши мумкин бўлган айрим муаммолардан огоҳлантирмоқда:

- транспорт соҳасида ўрнатилаётган тўсиқлар озиқ-овқат таъминоти занжирлари учун тўсқинлик қилиши ва тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг йўқотилиши ва чиқиндиларнинг кўпайишига олиб келиши мумкин;

- транспорт чекловлари ва карантин чоралари фермерларнинг бозорларга чиқишига, уларнинг ишлаб чиқариш имкониятларини чеклаб, маҳсулотларини сотишига тўсқинлик қилиши мумкин;

- ишчи кучларининг танқислиги маҳсулотларни, айниқса қўл меҳнатини талаб қиладиган экинларни етиштириш ва қайта ишлашга халақит бериши мумкин;

- озиқ-овқат етиштирувчи етакчи давлатлар ўз ички бозоридаги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ёки бошқа мақсадларда асосий турдаги қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотларининг экспортига чекловлар киритиши мумкин.

Американинг Bloomberg агентлигининг маълумотига кўра, 2020 йил март ойининг ўзидаёқ ушбу муаммолар бошланишига шаъма қилувчи бир қатор ҳолатлар кузатилди. Хусусан, 2020 йил 16 мартда энг йирик буғдой уни экспортёрларидан бири бўлган Қозоғистон ушбу маҳсулотни экспорт қилишни таъқиқлади, чекловлар кунгабоқар мойи, шакар ва сабзавотларга, шу жумладан, пиёз, сабзи ва картошка экспортига ҳам киритилди. 30 март куни Қозоғистон экспортга таъқиқни олиб ташлаб, квоталаш тизимига ўтди ва ун экспортини февраль ойдагига нисбатан 47%га камайтирди. Дунёда гуруч экспорти бўйича учинчи ўринда турувчи Вьетнам эса март ойида гуруч савдоси бўйича шартномалар тузишни тўхтатиб қўйди. Россияда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан буғдой уни ва бошқа бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари экспортига чекловлар ўрнатиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини келишилаётганини билдирган.

Шунингдек, 31 март куни Евроосиё иқтисодий комиссияси коллегияси бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан ун маҳсулотларининг баъзи турлари, саримсоқ, шолғом, тариқ, дон, гречка ва соя маҳсулотларини Евроосиё иқтисодий ташкилоти (Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғистон ва Арманистон) ҳудудидан ташқарига экспортини 2020 йил 10 апрелдан 30 июнгача таъқиқлаш бўйича қарор қабул қилди. Хорижий экспертлар бу каби ҳолатларнинг  кўпайиши озиқ-овқат махсулотлари нархларининг дунё бозорларида спекулятив ошишига олиб келиши мумкин деб ҳисоблашмоқда.

Вашингтон Халқаро озиқ-овқат сиёсати тадқиқот институти (International Food Policy Research Institute) мутахассислари фикрига кўра, ички истеъмолидан бир неча баробар кўп маҳсулот ишлаб чиқарувчи мамлакатларнинг эркин савдога чекловлар қўйиши замирида ҳеч бир мантиқ йўқ. Асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари заҳиралари 10-12 ойга етадиган мамлакатларнинг бу турдаги ҳатти-ҳаракатларининг асл сабабларини алоҳида ўрганиш ва бундай чекловларнинг олдини олиш ҳам дунё ҳамжамияти диққат эътиборида бўлиб турибди. Хусусан, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Жаҳон савдо ташкилоти раҳбарларининг таъкидлашича, таъқиқ ва чекловлар бошқа давлатлар томонидан ҳам оммавий равишда қўлланила бошланса, озиқ-овқат етказиш занжирида узилишлар вужудга келишига ва кўплаб мамлакатлар учун очарчилик муаммосининг кучайишига олиб келиши мумкин.

Озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш қобилияти масаласи

Мутахассислар фикрига кўра, дунёда корановирус пандемияси натижасида озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида вужудга келиши мумкин бўлган жиддийроқ муаммо – бу ишсизлик, даромадларнинг тушиб кетиши ҳамда нархларнинг сунъий оширилиши натижасида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларини ҳажми, озуқалиги ва турлари жиҳатидан етарли даражада харид қила олмаслиги бўлиб қолмоқда. Яъни, озиқ-овқат маҳсулотларини бозорларга етказишда барча муаммолар ҳал этилса-да, карантин чоралари оқибатида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг харид қобилияти пасайиб кетиши натижасида озиқ-овқат маҳсулотларининг айрим турдаги истеъмолчиларга етказилмасдан қолиши муаммоси вужудга келиши мумкин.

Ушбу муаммони бартараф этиш учун коронавирус ривожланиб бораётган мамлакатларда ижтимоий заиф қатламлар учун бир қатор қўллаб-қувватлов чоралари кўрилмоқда. Хусусан:

Россия Федерациясида болалари боғчага бормайдиган ёки ота-оналари декрет ёки касаллик бўйича таътилга чиққан оилаларга ҳар ой уч ёшгача бўлган болалар учун 5 минг рублдан (600 минг сўм) тўлов ажратилиши, меҳнатга лаёқатсизлик (касаллик) варақаси бўйича тўловларнинг энг кам иш ҳаққи даражасининг бир бараваридан кам бўлмаган миқдоргача, яъни, 12 минг 130 рублдан (1 млн. 470 минг сўм) кам бўлмаган миқдоргача ошириш ҳамда барча мавжуд ижтимоий нафақа ва имтиёзларни ярим йилга автоматик тарзда узайтирилиши бўйича қарор қабул қилинди. Шунингдек, РФ президенти Фармони билан аҳоли учун жами 30 мартдан 30 апрелгача ойлик иш ҳақи тўланадиган дам олиш кунлари белгиланди;

Ҳиндистонда эса коронавирус натижасида кўрилаётган чоралар натижасида ишсиз ва бошпанасиз қолган минглаб ички мигрантлар орасида очарчилик масаласи кучайган ва ушбу муаммо, асосан, турли нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан иссиқ овқат тарқатиш орқали ҳал этишга ҳаракат қилинмоқда. Расмийларнинг маълумотига кўра, бошқа ёрдамга муҳтож қатламлар учун мамлакат бўйлаб тарқалган 534 мингта “адолатли нарх дўконлари” орқали нисбатан арзон нархларда озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси ташкиллаштирилган. Шунингдек, 23,8 млн. та “Antyodaya Anna Yojana оилалари”, яъни кам таъминланган оилаларга ҳар ой 35 кгдан буғдой ёки гуруч ажратилмоқда, “устувор уй хўжаликлари” категориясига кирувчи 710 миллион кишига эса 5 кгдан буғдой ёки гуруч тарқатилмоқда. Илгари ҳам мавжуд бўлган мазкур ёрдам механизмлари, расмийларнинг таъкидлашича, озиқ-овқатнинг ушбу турларига бўлган ойлик эҳтиёжнинг ярмини қоплайди;

АҚШ раҳбарияти коронавирус тарқалишини табиий офат мақомига тенглаштириб, тегишли равишда аҳолига ёрдам маблағларини ажратиш орқали харид қобилиятини кучайтириш бўйича бир қатор чораларни кўрмоқда. Жумладан, 18 март куни Коронавирусга қарши курашда оилаларни қўллаб-қувватлаш қонуни (Families First Coronavirus Response Act) қабул қилиниб, унга мувофиқ касалликка чалинган ишчиларга иш ҳақи тўланадиган 14 кунлик таътил бериш ва Қўшимча озиқ-овқат ёрдами дастури (Supplemental Nutrition Assistance Program) доирасида озиқ-овқат талонларини ижтимоий заиф қатламлар учун, шу жумладан мактабга бормайдиган болалар ва кексаларга тақдим этиш бўйича молиявий маблағлар оширилди. Шунингдек, 27 мартда 2,2 трлн. долларлик АҚШ тарихидаги энг йирик иқтисодни қўллаб-қувватлаш дастури (CARES Act) доирасида 250 млрд. доллар маблағ ишсизлик нафақаси учун қўшимча ажратилди ва йиллик даромади 75 минг доллардан кам бўлган ҳар бир фуқаро учун 1 200 доллар миқдорда бир марталик тўлов белгиланди;

Хитойда эса 2020 йил январь-март ойлари давомида коронавируснинг тарқалишига айнан мослашган фавқулодда чоралар кўрилган. Яъни, инфекция Ухань шаҳри ва Хубэй провинциясида ҳудудий локализация қилиниб бутун мамлакатдан келган ёрдам кучлари сафарбар қилинганлиги, шу жумладан, озиқ-овқатни фақатгина онлайн режимда буюртма қабул қилиб, бепул етказиб бериш бўйича махсус ҳимоя воситалари билан таъминланган минглаб курьерлар фаолияти йўлга қўйилганлиги сабабли нисбатан қисқа муддатда очарчилик муаммоси вужудга келмасдан коронавирус тарқалишига чек қўйилишига эришилди.

Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига қарши кураш шароитларида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш ва нархларнинг асоссиз, спекулятив оширилишига йўл қўймаслик бўйича қатъий чоралар қўрилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус топшириғи билан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда Давлат солиқ қўмитаси томонидан нархларни асоссиз ошириш ҳолатларини аниқлаш, айбдорларга нисбатан маъмурий ёки жиноий жавобгарлик бўйича иш очиш ва бундай вазиятларга бошқа йўл қўймаслик бўйича қаттиқ назорат ўрнатилди. Шунингдек, Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри, вилоят ва туман марказларида жойлашган барча йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуалари (супермаркет, гипермаркет ва бошқалар) узлуксиз фаолиятини ташкил қилиш учун уларга кириш-чиқиш жойларини тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда тепловизорлар ва антисептик воситалар билан жиҳозланиши йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан олиб борилган ишлар натижаси ўлароқ, 2020 йил март ойида коронавирус пандемияси бутун дунёда жадал ўсиб борган, Ўзбекистонда ҳам “ваҳимадор харидлар” авжига чиққан ва қатъий карантин чоралари қўлланилиши шароитларида озиқ-овқат нархлари барқарорлиги сақланиб қолинмоқда. Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йил март ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари февраль ойига нисбатан 1,9%га ошган, бу 2019 йил март ойидаги кўрсаткичдан 0,4% кўпни ташкил этиб, йиллик ҳисобда озиқ-овқат маҳсулотлари 16,4%га қимматлашган. Таққослаш учун, Хитойда, молиявий хабарларга ихтисослашган Wind Data Service ташкилоти маълумотига кўра, коронавирус тарқалашига қарши чоралар олиб борилган аналогик даврда (январь-февраль ойлари) озиқ-овқат нархлари олдинги йилги январь-февраль ойларига нисбатан 21,2%га ошган.

Бугунги кунда мамлакатимизда озиқ-овқат захиралари етарли даражада жамлангани, нархлар устидан назорат кучайтирилгани, қишлоқ хўжалиги махсулотларини етиштириш бўйича комплекс чоралар кўрилгани ҳамда муҳим савдо ҳамкорлар, шу жумладан, Россия Федерацияси ва Қозоғистон билан узоқ муддатли алоқалар йўлга қўйилгани сабабли озиқ-овқат маҳсулотларининг тақчиллиги ёки нархларнинг асоссиз қимматлашиши ҳолатлари тўлиқ истисно қилинади. Шунинг билан бир қаторда, хориж тажрибасини таҳлил этган ҳолда озиқ-овқат хавфсизлигини санитария-эпидемиологик жиҳатдан узоқ муддатга мослаштириб янада мустаҳкамлаш мақсадида қуйида келтириладиган бир қатор қўшимча чоралар кўрилиши мақсадга мувофиқ:

Биринчидан, озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш қурби пасайган кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисини йўқотган оилалар ҳамда бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар, шунингдек, ўз иш жойини йўқотган ва ҳақ тўланмайдиган таътилга чиққан фуқароларга ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий турларини харид қилиш учун манзилли пул ва/ёки натурал шаклдаги ёрдам бериш механизмини ишлаб чиқиш;

Иккинчидан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун муҳим бўлган баҳор фаслида олиб бориладиган агротехник тадбирлар ўз вақтида олиб борилиши учун шароит яратиб бериш. Шунингдек, одам билан одам алоқаси минимал бўлган ва механизациялашган шароитларда ишларни онлайн мувофиқлаштириш орқали деҳқонлар 2020 йилги ҳосилни тўлалигича етиштириб, санитария-эпидемиологик қоидаларга риоя этган ҳолда йиғиб олиши учун комлекс чора-тадбирлар ҳозирдан ишлаб чиқиш;

Учинчидан, чорвачилик учун муҳим бўлган озуқа маҳсулотларни барқарор етказиб берилиши, донли, сабзовот, полиз ва бошқа экинлар учун органик ва минерал ўғитларни вақтида қўллаш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмолчиларга етказиш билан боғлиқ транспорт-логистик занжир воситалари ва ходимларини санитария-эпидемиологик хавфсизлик талабларига мос равишда тайёрлаш.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, коронавирус пандемияси шароитларида дунё мамлакатлари оғир синовни бошидан кечирмоқда. Вужудга келган вазиятда ҳар бир мамлакат ўз фуқароларини муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари билан мунтазам таъминлай олиши ушбу давлатларнинг пандемиядан сўнг вужудга келадиган янги халқаро-иқтисодий шароитларга осон мослашуви салоҳиятини шакллантиради ва ҳар қандай фавқулодда ҳолатларга тайёрлигини намоён этади. Шу ўринда, Ўзбекистонда амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар мамлакатимизда коронавирус тарқалишига қарши кураш даврида озиқ-овқат хавфсизлигини кафолатланган таъминланиши учун барча имкониятлар сафарбар қилинаётганлигини кўрсатмоқда.

Ш.Рўзиев, Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими