Bog'lanish

Telefon
(372) 223-53-58

Elektron manzil
jizzax@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni1008

Янгиликлар

17

ПЕНСИЯЛАРНИНГ ПЛАСТИК КАРТАГА ТУШИШИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА ЗИДМИ?


Пенсия ва нафақаларнинг пластик картага тушишига оид Махсус комиссиянинг куни кеча қабул қилган қарори ижтимоий тармоқларда турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Шу муносабат билан ушбу масалага бироз ойдинлик киритиш мақсадга мувофиқ.

Нега пенсияларни пластик карточкага туширишга қарор қилинди?

Маълумки, коронавирус пандемияси муносабати билан қатор чекловлар ўрнатилди, ўрнатилмоқда. Жумладан, жиддий заруратсиз кўчага чиқмаслик, “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзига амал қилиш талаб этилмоқда.

Бунда кекса ёшдаги фуқаролар ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилиб, 65 ёшдан ошган ва сурункали касаллиги бўлган фуқаролар ўз уйларидан жиддий заруратсиз ташқарига чиқиши қатъиян ман этилди. Сабаби ушбу тоифа инсонлар касалликка тезроқ чалинади ва ундан тузалиб кетиши қийин кечади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, вирус қоғоз юзада (шу жумладан қоғоз пулларда) 4-5 кун яшайди. Шунингдек, нақд пулларнинг муайян давр мобайнида аҳоли ва тадбиркорлар қўлида муомалада юриши, битта банкнотнинг қўлдан-қўлга жуда кўп марталаб ўтишини инобатга оладиган бўлсак, нақд пуллар жуда актив вирус ташувчи бўла олади.

Албатта, пластик карталар ҳам вирус ташувчи бўлиши мумкин, чунки пластик юзада ҳам вирус маълум бир муддат яшайди ва карталар ҳам қўлдан қўлга ўтади. Лекин пластик карталарга дезинфекцияловчи воситалар ёрдамида ишлов бериш мумкин. Бундан ташқари, замонавий ахборот телекоммуникация технологиялари ривожланган бугунги шароитда кўплаб тўловлар ва харидларни кўчага чиқмаган ҳолда карточкадан пул ўтказиш йўли билан амалга ошириш имконияти мавжуд.

Шу сабаб, Махсус комиссия томонидан пенсионер ва нафақахўрларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида, республикадаги эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар май ойидан пенсия ва нафақаларни тўлиқлигича пластик карталарга ўтказиш чорасини кўришга қарор қилинди.

Махсус комиссия бундай қарор қабул қилишга ваколатлими?

Маълумки, Президентнинг тегишли қарорида 2017 йилнинг февраль ойидан бошлаб барча турдаги пенсияларнинг бутун мамлакат ҳудудида ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда нақд шаклда берилиши белгиланган.

Бир қарашда Махсус комиссиянинг қарори Президентнинг ушбу қарорига зиддай кўринади. Лекин аслида-чи...

Республикамизда январь ойидаёқ, яъни вирус ҳали бизда қайд этилмаган пайтдаёқ, вируснинг кириб келишининг олдини олиш ва унга қарши курашиш буйича Президентнинг тегишли фармойишига асосан Махсус комиссия ташкил этилган эди.

Ушбу комиссиянинг коронавирус инфекциясига қарши кураш билан боғлиқ барча масалаларни мувофиқлаштириши ва зарур ҳолларда қўшимча кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни амалга ошириш бўйича қарор қабул қилиши белгиланди.

Яъни, бутун дунёга катта талафот келтираётган ушбу вирус билан самарали курашиш мақсадида Махсус комиссияга Президент ва Ҳукумат томонидан шундай ваколатлар берилди.

Шу билан бирга Махсус комиссиянинг пенсияларни пластик картага туширишга оид қарорида ушбу тадбирлар фақатгина пенсионер ва нафақахўрларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида ҳамда республикадаги эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар, яъни вақтинча  амалга оширилаётганлиги таъкидланган.

Картадаги пенсия пуллари нақдлаштирилганда фоизлар олинадими?

Марказий банкнинг берган маълумотларига кўра, Халқ банки банкоматларидан маблағларни нақдлаштириш бепул амалга оширилади. Республикада мавжуд банкоматларнинг эса асосий қисмини Халқ банки банкоматлари ташкил қилади.

Шу билан бирга, куни кеча бўлиб ўтган онлайн-брифингда Марказий банк раҳбарияти томонидан бошқа банкларнинг банкоматлари орқали ҳам пенсионерларнинг карталаридаги пулларни нақдлаштиришда комиссия тўловининг ундирилмаслиги ёки ушбу тўловнинг қисқартирилиши бўйича техник имкониятлар ўрганилаётганлиги маълум қилинди.

Маълумот ўрнида: Махсус комиссиянинг юқоридаги қарори билан, тегишли ташкилотларга барча ҳудудларни нақд пул олиш имконини берувчи банкоматлар билан ҳамда уларни нақд пул билан таъминлаш бўйича топшириқ берилди.

Адлия вазирлиги масъул ходими

Дилором Ибрагимова