Bog'lanish

Telefon
(372) 223-53-58

Elektron manzil
jizzax@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni1008

Янгиликлар

23

Давлат бюджети барқарорлиги таъминланишида барчамиз масъулмиз!


Ҳа, айни вақтда барча фуқаролар бюджет маблағлари мақбуллаштирилиши ва иқтисодиётимиз барқарорлигини сақлаб қолишда хар қачонгидан ҳам масъулиятини ошириши жуда муҳимдир. Чунки, коронавирус пандемияси қисқа муддат ичида дунё давлатларининг деярли барчасидаги ижтимоий-иқтисодий соҳаларга ўзининг салбий таъсирини ўтказишга улгурди.


Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими

Юртбошимизнинг 2020 йил 15 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ҳукуматимиз томонидан жорий йилнинг 16 апрель куни 232-сонли қарор қабул қилинди.

Ҳукуматнинг ушбу қарорида Давлат бюджетидан молиялаштириладиган давлат орган ва ташкилотларининг ҳамда муассасаларининг устувор бўлмаган харажатлари вақтинча қисқартирилиши белгиланди.

Шунингдек, 2020 йилги “Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун қайта кўриб чиқилиши, приоритетлар ўзгариши, узоқ муддатли ва ҳаётий зарур бўлмаган лойиҳаларни молиялаштиши бекор қилиниши ёки маълум бир муддатга узайтирилиши белгиланди.

Қарорда Давлат ва маҳаллий бюджет харажатлари мақбуллаштирилиши, 2020 йилнинг иккинчи чорагида ажратилиши белгиланган айрим харажатлар жорий йилнинг иккинчи ярим йиллигига кўчирилиши яъни, бюджет тизими ресурслари 5,1 трлн сўмга, маҳаллий бюджетлар қарийб 1 трлн сўмга мақбуллаштирилиши, иккинчи чоракда сарфланиши керак бўлган қарийб 3,2 трлн сўмлик харажатлар иккинчи ярим йилликка ўтказилиши ўз аксини топган.

Турли вазирлик ва идораларнинг чўнтаги ҳисобланган жамғармаларга ҳам навбат етиб келди. Жумладан, Ҳукуматимиз давлат ҳокимияти органлари, суд ва прокуратура органлари, вазирликлар ва идораларнинг солиқлар, мажбурий йиғимлар, божлар, жарималар ҳисобидан жамланадиган бюджетдан ташқари жамғармалари харажатларини қисқартириб, иқтисод қилинган маблағларни Давлат бюджетига йўналтиришга ваколатли этиб белгиланди.


Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими

Қарорда ўз аксини топган вазирликлар, идоралар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари жорий йил 1 августига қадар бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобидан асосий воситаларни харид қилиши, қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш билан боғлиқ харажатларини тўхтатиши лозимлиги талаби ҳам коронавирус пандемияси даврида юртимиз иқтисодиётини барқарор ҳолатда ушлаб туришда оқилона ечимлардан бири бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улуши мавжуд бўлган корхоналар ва ташкилотларда 2019 йил учун олинган ва 2020 йилда олинадиган соф фойда бўйича давлат улушига ҳисобланган дивидендлар тўлиғича давлат бюджетига ўтказилиши бўйича Ҳукуматга ваколат берилди.

2020 йил 1 июнга қадар парламент, суд ва прокуратура, барча бўғиндаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, уларнинг таркибига кирувчи ташкилотлар ҳамда жамғармалар учун ягона меҳнатга ҳақ тўлаш тизими татбиқ этилади. Соддароқ айтганда, ойлик-маошлар вақтинча қисқариши мумкин.

Бюджет ва давлат корхоналари ходимлари ойликларининг белгиланган чегарадан юқори қисмини вақтинча бюджетга ўтказиш таклифи кўплаб ватандошларимизнинг норозилигига сабаб бўлиши мумкин. Тўғри, ҳозирги кунда ҳаммага қийин, минг-минглаб фуқароларимиз коронавирус пандемияси ортидан ишсиз, даромадсиз қолди. Давлат бюджет тушумлари ҳам пасайиб кетганлигини юқорида қабул қилинган қарорлардан ҳам билиб олишимиз мумкин. Бундай пайтда кимдир кимдандир қарз олади, кимдир тежамкорликка, кимлардир иқтисод қилишга ўтади.

Президентимиз таъкидлаганларидек, “кўпга келган бало” ортидан келаётган қийинчиликлар ва ноқулайликларни кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларни бошидан кечирган халқимиз билан биргаликда тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашиб, албатта енгиб ўтишимизга ишонаман.


Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими

Ушбу синовли кунларда биз ўзимизни мардонавор тутишимиз, олиб борилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларга ён бериб, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларида акс этган нормаларга фуқаровий бурчимиз сифатида қарашимиз ҳозирги кунда айниқса жуда муҳимдир. Зеро, бизнинг айни вақтдаги ислоҳотларга бўлган муносабатимиз ҳуқуқий демократик давлатимизнинг негизига болта урмаслиги лозим. Бу қийинчиликлар албатта, ўтиб кетади.

Ўлмас АБДИЕВ

Жиззах вилоят адлия

бошқармасининг

Ҳуқуқий тарғибот ва

маърифат бўлими

бошлиғи