Bog'lanish

Telefon
(372) 223-53-58

Elektron manzil
jizzax@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni1008

Янгиликлар

24

Ислоҳ қилинаётган "прописка" масаласи эндиликда фуқаролар манфаатларига қай даражада мос?


Биламизки, Республикамиз вилоятларининг Тошкент шаҳрида ўз фаолиятини олиб бораётган аксарият соҳа вакилларида прописка масаласи муаммо бўлиб келган. Кўплаб ходимлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида прописка, яъни доимий рўйхатдан ўта олмаслиги йиллар давомида қийинчиликларга сабаб бўлган.
Бу йил Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида ҳукумат прописка тизимини ислоҳ қилишни назарда тутувчи таклифларни ишлаб чиқиши бўйича белгиланган вазифалар юзасидан апрель ойи бошида прописка тизимини ислоҳ қилишга доир қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди ва 22 апрель куни Ўзбекистон президентининг “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди. Ушбу Фармон кўплаб инсонлар муаммосига ечим ҳамда оиласига хурсандчилик олиб келди.
Унда 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон фуқароларини прописка қилиш ва ҳисобга олишда бир қатор янгиликлар бўлиши кутилмоқда. Тўғри, барча учун кўп йилдан бери кутилаётган ва оғриқли яра каби бўлиб қолаётган «прописка» масаласи ушбу фармон билан тўла бекор қилинмаган бўлсада, ҳар ҳолда бу тизим ислоҳ қилинади. Хусусан, эндиликда, айнан 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри
ва вилоятида кўчмас мулкка эга бўлишда фуқародан доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш талаб этилмайди, пойтахтда рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати 15 кунга узайтирилади. Рухсат бериш хусусиятига эга бўлган доимий прописка қилиш тизимидан босқичма-босқич хабар бериш хусусиятидаги рўйхатдан ўтказиш тизимига ўтилади. Шунингдек, ягона “Манзил” автоматлаштирилган ахборот тизими йўлга қўйилади.
Мазкур фармонга асосан қуйидаги ўзгаришлар амалга оширилади:
Жумладан, «доимий прописка қилиш» ва «турган жойи бўйича ҳисобга олиш» тушунчалари «доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш» ҳамда «вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш» тушунчалари ўзгартирилмоқда;
Тошкентдан уй сотиб олиш учун прописка талаб қилинмайди, пропискасиз ҳам иккиламчи бозордан уй сотиб олишга рухсат берилади;
пропискасиз фуқаролар мулк олганда тўлайдиган давлат божлари ставкаси бекор қилинади - шу вақтгача Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан Тошкент шаҳридан уй сотиб олинганда олганда ундириладиган оширилган қийматдаги давлат божи мулкнинг 5 фоизига тенг эди;
Прописка ҳуқуқига эга ташкилот ва идораларнинг тавсияси билан пропискага эга бўлган ходимлар ўша идора ва ташкилотдаги лавозимидан кетган тақдирда ҳам «прописка»си бекор бўлмайди - иш жойидан доимий рўйхатга олинганлар ишдан кетгандан кейин ҳам пропискасини йўқотмайди. Илгари фуқаро давлат органидаги фаолияти даврида пропискага кирган, ишдан бўшатилганда ёки шартномада белгиланган муддати якунига етганда пропискадан чиқариб юборилган бўлса, эндиликда унинг пропискаси сақлаб қолинади.
Эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидалар чиқариб ташланади - прописка олиш учун эр (хотин) никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшашига доир талаб бекор бўлади, яъни илгари Тошкент шаҳрида турган шахс билан бошқа вилоятдан бўлган шахс никоҳдан ўтса, никоҳ муддатидан 1 йил ўтгандан кейингина Тошкент пропискасига қўйиларди. Энди никоҳ қайд этилган куниёқ Тошкент пропискасига қўйиш имкони берилди. Никоҳ бекор бўлган тақдирда ҳам прописка сақлаб қолинади (қонун лойиҳаси киритилмоқда);
Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатда турган фуқаролар маълум муддат бошқа ҳудудда яшаб, Тошкент шаҳри ва вилоятга қайтиб келганда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши мумкин бўлади (қонун лойиҳаси киритилмоқда);
Тошкентда жойлашган давлат ташкилотларида 5 йил муддат мобайнида узлуксиз меҳнат фаолиятини юритаётган мутахассислар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинадиган бўлади;
Оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имкониятига эга бўлади (қонун лойиҳаси киритилмоқда);
Биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларни нафақат ўзи доимий рўйхатда бўлган манзилга, балки эгалигидаги бошқа уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи берилади;
2020 йил 1 сентябрдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб эса, Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларда ҳам «Ягона дарча» тамойили асосида ДХА бўлимлари томонидан пропискага қўйиш тизими жорий этилади;
Рўйхатга олиш фуқаронинг хоҳишига кўра ички ишлар органлари, давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали бир кун ичида амалга оширилади. Фармонда шу каби яна кўплаб янгиликлар ва қулайликлар белгилаб кўйилган.
Фармондаги вазифалар ижроси борасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қонун лойиҳаси киритилади.
Давлатимиз томонидан амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар фақат ва фақат фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади

Мусохон Асатуллаев
Жиззах шаҳар адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси