Bog'lanish

Telefon
+998 72 221 50 50

Elektron manzil
jizzax@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni1008

Янгиликлар

27

Карантин даврида масофадан ишлаш: унинг тартиби, қулайлиги ва ўзига хос жиҳатлари


Республикамизга коронавирус инфекцияси кириб келиши билан кўплаб вақтинчилик чора-тадбирлар белгиланди. Ана шундай вақтинчалик тартиблардан бири Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигига ҳам кириб келди.
Жумладан, жорий йилнинг 28 март куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг “Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилди.
Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги Низом меҳнат қонунчилигида, шунингдек ходим ва иш берувчининг меҳнат муносабатларида туб бурилиш бўлди десак, янглишмаган бўламиз.



Ушбу вақтинчалик Низом орқали меҳнат қонунчилигига илк бора масофадан ишлаш тушунчаси кириб келди.
Жумладан, масофадан ишлаш деганда ходимнинг меҳнат шартномасида кўрсатилган мажбуриятларини иш берувчининг жойлашган ҳудудидан ташқарида, доимий иш жойи, ҳудуд ёки объектдан ташқарида бажариладиган иш усули тушунилиши белгилаб олинди.
Республикамиз ҳудудида карантин даврида масофадан ишлашга биринчи навбатда ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган шахслар ва сурункали касалликларга чалинган ходимлар, улардан кейин, бошқа ходимлар ўтиши мумкинлиги юқоридаги Низомда кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги Низом билан ўрнатилган карантинга оид чоралар амал қилиш даврида вақтинча масофавий ишга ўтказиш тартибига кўра ходимни масофавий ишга ўтказишда иш берувчи томонидан вақтинчалик масофавий ишга ўтказиш ҳақида муддати кўрсатилган буйруқ чиқарилиши, ишга ўтказилганда иш берувчи ва ходим ўртасида илгари тузилган меҳнат шартномасига тегишли ўзгартириш киритилиши, меҳнат шартномасида масофавий ишлаш давридаги меҳнат шартлари келишиб олиниши лозим.
Бироқ, ушбу тартиб ўрнатилиши сабабли кўплаб иш берувчилар ва ходимлар томонидан масофавий ишлаш меҳнат таътилининг бир тури сифатида қабул қилиниши қонунга зид эканлигини тушунтириш ўтиш лозим.
Шундай экан, ходимда масофавий ишлаш давомида таътиллар жадвалига мувофиқ меҳнат таътилига чиқиш, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа олиш ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларини тўлиқ сақлаб қолинади.
Ҳақиқатан ҳам, карантин даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказиш иш берувчи ва ходимларга қуйидаги қулайликларни яратади:
биринчидан, ходимлар ўртасида тенгликни юзага келтиради. Яъни, иш берувчи ходимларни бажараётган ишини аниқ билади, топшириқлар беради, улардан талаб қилади. Иш берувчи масофадан ишлаш юзасидан ходимларнинг кўникмаларини ўрганиши билан бир қаторда, уларни масофавий ишлашга ўтказиш жадвалини шакллантиришида ҳам асосли қарорлар қабул қила олади.
Иккинчидан, ходимларнинг соғлиғи ва хавфсизлиғи янада мустаҳкамланади. Уйда ёки масофадан ишлаш ўз навбатида иш давомида юзага келадиган кўнгилсиз ҳолатларни олдини олади ва иш берувчига нисбатан жавобгарлик масаласини камайтиради.
Учинчидан, масофадан ишлаш маълумотлар хавфсизлигини таъминлайди. Бундай ҳолатларда ходимдан, албатта, ахборот-технологиялардан фойдаланишда етарли билим ва малака талаб қилинади.
Тўртинчидан, ходимнинг ўз устида ишлашига шароит яратилади.
Юқоридаги маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, коронавирус пандемиясидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг буйруғи билан тасдиқланган Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги Низомни янада такомиллаштириш, амалиётда қўлланилган даврида эришилган ижобий натижаларни ҳисобга олган ҳолда, тегишли тартибда қонунчилигимизга тадбиқ этишга шароит яратилади.
Жумладан, дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларида ҳисобчи, бошқарувчи, тадбиркорлик ривожлантириш билан боғлиқ ишлар, маслаҳатчилар, руҳий даволовчилар ва бошқа касб эгалари ўз фаолиятини иш берувчи билан келишган ҳолда “remote”, яъни масофавий ишлаш тартибида олиб бориши мумкин.
Шундай экан, Ҳурматли иш берувчилар ва ходимлар, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг буйруғи билан тасдиқланган Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги Низом, аввало республикамизда коронавирус инфекциясини тарқалишини олдини олиш, ходимларнинг соғлиғи ва хавфсизлиги таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, ундан белгиланган тартибга асосан фойдаланиш лозим.

Зомин туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси Н.Ўразалиев