Янгиликлар
Адлия органлари карантин шароитида қандай ишлаяпти? (Жиззах мисолида)
Карантин вақтида “Уйда қолинг!” деган чақириқ билан фуқароларимизни уйидан чиқмасликларини таъминлашимиз мумкин, лекин уларнинг ҳуқуқларини уйга қамаб қўя олмаймиз. Ҳуқуқлар ҳаракатда экан, уларни ҳимоя қилувчи органлар ҳам карантин қоидаларига мослашган ҳолда фаолиятини давом эттирмоқда. Хусусан, адлия органлари фуқаро ва тадбиркорларга ижтимоий тармоқларда ўз эшикларини янада кенг очди.
Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири бу ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳисобланади. Адлия органлари фаолиятининг салмоқли қисми айнан ушбу вазифалардан иборат десам муболаға бўлмайди. Ушбу вазифани тизимли амалга ошириш борасида адлия органлари томонидан ўтган даврларда бир қатор илғор тажрибалар йўлга қўйилди.
Қонун ҳужжатларини тарқатиш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ижрочилар ва аҳолига тушунтиришнинг аниқ механизми шакллантирилди. Адлия вазирлиги ва ташкилотлар ўртасида қонун ҳужжатларини тезкор тарқатиш мақсадида ҳимояланган алоқа каналлари (VPN) орқали идоралараро электрон ҳамкорлик тизими ишга туширилди.
Аҳолининг ахборотга бўлган эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишнинг мос усулларини қўллаш йўлга қўйилди. Жумладан, узоқ қишлоқ жойлардаги маҳаллаларда ҳуқуқий тарғиботнинг учрашув, семинарлар, давра суҳбатлари ва мулоқотлар ўтказиш каби усулларидан кенг фойдаланилди.
Худди шундай, оммавий ахборот воситалари орқали, шу жумладан, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар ташкил этишга, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларига мақолалар ва ҳуқуқий-ахборот материалларини жойлаштириш орқали ҳам кенг тарғибот олиб боришга алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳими, тарғибот усулларидан фойдаланишда фуқароларнинг хоҳиш-истакларига қулоқ тутиб, ҳуқуқий ахборотни инсонлар учун қулай бўлган вақтда ва кўринишда етказиш асосий вазифа этиб белгиланди.
Юқоридаги фаолиятимизни ўз вақтида такомиллаштириб, ривожланган ахборот технология воситаларини қўллаган ҳолда фаолиятимизни амалга оширишни йўлга қўйганимиз сабабли бугунги коронавирус, глобал пандемия шароитида ҳам ишимизни узлуксиз давом этирмоқдамиз.
Шу ўринда, алоҳида таъкидлаш керакки, айнан ушбу фаолият, яъни қонун ҳужжатларини тарқатиш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ижрочилар ва аҳолига тушунтириш бугунги кунда ҳар қачонгидан кўра долзарб аҳамиятга эга. Чунки пандемия шароити иқтисодий-ижтимоий талофатларни бартараф этишга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тезкорликда қабул қилишни тақоза этади. Ва айнан шундай ҳужжатлар қабул қилинди. Уларда, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини, тадбиркорларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим тадбирлар назарда тутилди. Ёки пандемия шароитида айрим муҳим қоида, тартиб ва тақиқлар ўрнатилдики, уларни бузиш хатто жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши белгиланди.
Албатта, бу қоидаларни тезкорлик билан аҳолига тушунарли тарзда етказилиши муҳим эди. Зеро, аҳоли қанчалик ушбу қоидалардан хабардор бўлса, шунча қонунбузилишларга йўл қўйилмайди.
Шу мақсадда вилоят адлия бошқармаси томонидан ижтимоий тармоқнинг Телеграмм месенжерида алоҳида гуруҳлар ташкил этилиб, унга вилоятдаги барча маҳаллалар фуқароларининг фаол қисмидан 50 мингдан ортиқ аъзолари шакллантирилди.
Ушбу гуруҳлар орқали карантин шароитида қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти тезкорлик билан уларга етказилиши ёки улардан келиб тушаётган турли муаммолар бўйича тушунтириш бериб борилиши йўлга қўйилди.
Икки мингдан ортиқ тадбиркорлар мавжуд бўлган “Адлия тадбиркорга дўст” телеграм гуруҳи, савол-жавоб ботининг ташкил этилгани фуқаро ва тадбиркорлардан келиб тушаётган ва ўрганишни талаб этаётган мурожаатларни алоҳида киримга қабул қилиб ижрога қаратиш тартиби амалиётга киритилганидан далолат бермоқда. Айнан карантин сабаб ўтнатилган тартиб-қоидалар, чекловлар аҳоли учун янгилик бўлиб, янгилик, ўз навбатида, турли тушунмовчиликларни келтириб чиқариши табиий. Бугун адлия идораларига келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти ҳам айнан шу масала кўтарилган. Карантин яшаш шароитимизни, ҳаёт тарзимизни сезиларли даражада ўзгартириб юборди. Бу вазиятда қандай йўл тутишни эса албатта шу пайтда ўрнатилган қоидаларгина белгилайди. Биз аҳоли орасига янада яқинроқ кириб боришимиз керакки, бу ҳуқуқий саводхонлик билан барча муносабатларни тартибга солса бўлишини амалда исботлаш вақти келди деганидир. Биласизми, пандемия сабаб мурожаатлар миқдори камайган бўлса-да уларнинг долзарблиги ва мураккаблиги бирмунча ошди. Бу тизимдаги ходимлардан икки баравар масъулиятни, билимни ва харакатни талаб этмоқда. Чунки муаммони онлайн кўриб чиқиш, унга ечим топиш мақсадида мутасадди ташкилотлар билан онлайн мулоқот олиб бориш жуда мураккаб жараён. Демак ҳар бир ходим эртанги кун учун янгича ишлаш, тезкорликка аҳамият қаратиш, ахборот технологияларидан самарали фойдалаш каби жиҳатларни ўзига сингдириб бормоқда.
Ривожланган давлатларда аллақачон ўзини оқлаган ва самарали усул ҳисобланган масофадан ишлаш тизими биз учун янги усул бўлса-да бу йўналишда яхши натижаларни кўрсатиб улгурдик. Ҳар бир ходим карантин сабаб жорий этилаётган қонун-қоидалар борасида аниқ ва содда кўринишда видеоблоглар тайёрлаб ижтимоий саҳафалар ва махсус ташкил этилган гуруҳларга жойлаб бормоқда, эълон қилинаётган блогпостларда ва мақолаларда таҳлилга, халқчилликка катта аҳамият қаратилмоқда. Нотўғри маълумотлар сабаб кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган мавзуларда аниқ хулосалар бера олиш, қонунчиликда бу масала қандай ифодаланганини ёритиш орқали кўплаб тушунмовчиликларнинг олди олинмоқда, норозиликларга барҳам берилмоқда.
Ўзингиз ўйланг-а? Бугун карантин қоидаларини бузаётган ҳар бир фуқаронинг мана шу ҳаракатлари учун биз жавобгар эмасмизми? Уни жазолашдан олдин, биз унга бунинг оқибатини кўрсатиб бера олдикми, ҳуқуқий билимларни етказа олдикми? Мана бизнинг ўрнимиз қаерда, вазифамиз нимадан иборат… Адлия идоралари бугун ўз вазифасини адо этаркан, ушбу қоидага қатъий амал қилмоқда: Қонун бузилмаслиги учун, одамлар қонунлар ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиши керак!
Шокир Саидов,
Жиззах вилоят адлия бошқармаси бошлиғи