Янгиликлар
Сирдарё ва Жиззах вилоят адлия бошқармалари хайрли ишларга бош бўлмоқда
Эзгулик хайрия акцияси Сирдарё вилоятида
Кўпни кўрган кексаларимиз дуога қўл очганида доим “Ўт балоси, сув балоси, туҳмат балосидан ўзинг асра, Парвардигор”, дейишади. Бу бежиз эмас. Жорий йилнинг 1 май куни рўй берган офат натижасида уй-жойларидан кўчирма бўлган сардобалик, оқолтинлик ҳамда мирзаободлик ҳамюртларимизга шу кунларда бутун республика ёрдам қўлини чўзмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳам “Салом Сардоба, биз биргамиз!” акциясини эълон қилди ҳамда Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши натижасида юзага келган сув тошқинидан азият чекканларга 100 миллион сўмлик гуманитар ёрдам юборди. Ушбу акция 4 майдан бошлаб яна давом этади.
Адлия вазири Русланбек Давлетов Сирдарё вилоятига ташриф буюриб, жойларда сув тошқинидан жабр кўрган аҳоли билан суҳбатлашди.
Кеча Гулистон шаҳридаги вилоят юридик коллежига офатдан жабрланганларга далда бериш, улар билан ҳуқуқий мавзуда суҳбатлашиш мақсадида Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари ташриф буюрдилар.
— Суҳбатлар жуда самимий ўтди, фуқаролар ҳам қонун томонидан уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояланган эканини тинглаб, таскин топдилар, — дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Жамшидхон Нуритдинов.
Худди шу ерда Сирдарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходимлари ҳамда Давлат хизматлари агентлиги Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассислари томонидан ҳуқуқий маслаҳат бурчаги ташкил этилди ва сув тошқинидан зарар кўрган, ҳужжатларини йўқотган, турли муаммоларга дуч келган Ссардобалик ва оқолтинлик фуқароларга фуқаровий-юридик хизмат кўрсатилди.
— Бир кун илгари ўғлимнинг туғилган куни эди, кечаси кеч ётганимиз учун дам олаётгандик. Қўшним чақириб, тез бўлинглар, сув босди ҳаммаёқни, деганига шошиб қолиб, битта кўйлакда сарпойчан, болаларни етаклаб, югуриб чиқдик, — дейди сардобалик Нурпошша Жўраева. – Ҳужжатларимиз уйда қолиб кетди. Сув босиб, зарарланган бўлса керак. Адлия ходимларидан ўзимга керакли барча ҳуқуқий маслаҳатларни олдим. Ҳужжатларимизни тиклашга кўмаклашишяпти. Яхшиликларингизни яхши кунларда қайтариш насиб этсин дея дуодамиз.
Шунингдек, коллежда вақтинча истиқомат қилаётган юртдошларимиз учун Сирдарё вилоят давлат филармонияси ходимлари томонидан маданий тадбирлар уюштирилди.
Эътироф этмасак бўлмас, сув тошқини рўй бериб, одамлар бу ерга кўчириб келтирилган кундан бошлаб бу ерга бутун мамлакатдан гуманитар ёрдам пешма пеш келиб турибди. Адлия бошқармаси жамоаси ҳам топган-тутганини, кийим-кечак озиқ-овқат келтирмоқда. “Халқ бир бурдадан берса тўйдиради…” нақли айнан бугун ўз исботини топди.
Хайрли ишларнинг давоми Жиззахда…
Адлия бошқармаси ва ДХА Жиззах вилоят бошқармаси ходимлари томонидан офатдан азият чеккан фуқаролар қабул қилиниб, уларга ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Шунингдек, Жиззах шаҳри, Пахтакор, Дўстлик, Мирзачўл, Арнасой ва Зарбдор туманларидаги эвакуация қилинган фуқаролар жойлашган биноларда адлия органлари ходимлари, Давлат хизматлари агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси мутахассислари томонидан “Сайёр адлия маслаҳатхоналари” ташкил этилди.
Жиззах вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Ш.Саидов эвакуация қилинган фуқаролар билан шахсан суҳбатлашмоқда.
Жиззах шаҳридаги коллежга жойлаштирилган фуқароларнинг ҳолидан ҳабар олиниб, уларга керакли шахсий гигиеник маҳсулотлар тарқатилди.
Шунингдек, офат натижасида ҳужжатларини йўқотган фуқароларнинг рўйхати шакллантирилмоқда.
Адлия бошқармаси ходимлари томонидан 24 мингдан ортиқ Сирдарё вилоятидан эвакуация қилинган фуқароларга доимий ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.
Бугунги кунда, кутилмаган офатдан жон сақлаш учун уйларини ташлаб чиққан сардобалик фуқаролар, ўзларига кўрсатилаётган бу каби эътибордан жуда мамнунлигини билдирди.
Тошкент тиббиёт академиясининг малакали шифокорлари техноген оқибатида эвакуация қилинган фуқароларни тиббий текширувдан ўтказмоқда.
Адлия идоралари томонидан юртдошларимизга амалий ва ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилиши давом эттирилади.