Bog'lanish

Telefon
+998 72 221 50 50

Elektron manzil
jizzax@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni1008

Янгиликлар

18

Хайрия акциясида йиғилган қарийб 300 миллион сўм сирдарёликларга кўмак учун йўналтирилди.


Адлия вазирлиги томонидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда ўтказилаётган “Салом, Сардоба, биз биргамиз!” хайрия акцияси давом этмоқда.

Акция эълон қилингандан буён ўтган вақт давомида кўплаб фуқаролар, бизнес вакиллари, жамоат ва халқаро ташкилотлардан катта миқдорда зарур истеъмол товарлари, жумладан озиқ-овқат маҳсулотлари, гигиена воситалари, кийим-кечак, кўрпа-тўшак, дори-дармонлар ва тиббий буюмлар, идиш-товоқлар келиб тушди.

Кўнгиллилар карантин талаблари ҳамда санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда уларни машиналарга ортиб, керакли манзилга етказиб бермоқда.

Ўтган давр ичида акция доирасида Сирдарё вилоятига гуманитар ёрдам ортилган қарийб 20 та юк машинаси жўнатилди.

photo_2020-05-17_14-51-16.jpg

Фуқаролар, ташкилотлардан (жами 50 та) келган моддий ёрдам марказий штабга топширилди. KOICA халқаро агентлиги, Ўзбекистон мебель ва дарахтга ишлов бериш саноати ассоциацияси, Словениянинг “KRKA” халқаро фармацевтика компанияси, “S.Y.R Forwarders Ltd” транспорт компанияси, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ва бошқалар кийим-кечак, дори воситалари, гигиена воситалари, уй учун мебель жиҳозларини етказишди.

Шу билан бирга. Шодиев халқаро фондининг ваколатхонаси томонидан Адлия вазирлиги ва “Мадад” ННТ билан ҳамкорликда 500 та озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами юборилди.

Фаоллардан бўлган Умида Ҳусаинова Сардоба ва Мирзаобод туманларидаги жабр кўрган 60 та оилага ҳомийлар ёрдамида йиғилган жами 60 млн. сўмни шахсан топширди.

Шу билан бирга, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан очилган махсус ҳисоб рақамига жорий йилнинг 3 майидан -15 майига қадар молиявий ҳисса қўшиш истагида бўлган шахслардан 298 миллион 356 минг сўм келиб тушди.

Шу тариқа махсус ҳисоб рақамга (20212000100981895003) ташкилотлардан 233 миллион 188 минг сўм маблағ ўтказиб берилди.

Payme ва Click тўлов тизими (“Хайрия” бўлими – “BizBirgamiz” логотипи) орқали фуқаролардан эса 65 миллион 167 минг сўм келиб тушди.

Мазкур маблағлар сув тошқинидан талафот кўрганларнинг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида улар билан маслаҳатлашган ҳолда тегишли маҳсулот ва буюмлар харид қилишга йўналтирилади.

Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлимидан маълум қилишларича, акция ташкилотчилари йиғилган пул маблағларининг мақсадли сарфланиши жараёнининг шаффофлигини таъминлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олади.

Ташкилотчилар мазкур ҳодисага бефарқ бўлмаган барча фуқаролар ва ташкилотларга миннатдорлик изҳор этади. Мазкур мураккаб вазиятда сирдарёликлар сизларнинг ёрдамингиз ва қўллаб-қувватлашингизни ҳис қилмоқда. Уларнинг наздида бефарқ бўлмаган ҳамда ёрдам қўлини чўзиб, хайрихоҳлик кўрсатган инсонларнинг меҳр-муҳаббати ва қалб қўри уларга куч-ғайрат бахш этиб, ёрқин келажакка умид уйғотмоқда.

Саволлар бўйича телефон рақамлари: 91-572-11-00, 71-239-33-23, 97-157-80-65.