Янгиликлар
Карантин – мурожаатлар ижтимоий тармоқлар (телеграм) орқали қабул қилинмоқда.
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда, шу жумладан инсонларнинг ҳаракатланишига чекловлар киритилганлиги сабабли мурожаатлар ҳам онлайн режимда кўриб чиқилмоқда.
Бу борада Жиззах вилояти адлия бошқармаси томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилиб, жисмоний ва юридик шахслар томонидан йўлланган саволларга ҳуқуқий тушунтиришлар бериш билан бирга дуч келаётган муаммоларига ечим топилмоқда.
Ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш кутилган самарани бермоқда. Бошқарма томонидан туман (шаҳар) адлия бўлимлари телеграм ижтимоий тармоғи орқали ҳудудларда 149та гуруҳлар ташкил қилиниб,
61 мингдан зиёд аъзоларини қизиқтираётган маълумотлар билан таништириб, ҳуқуқий тушунтиришлар бериб бориш имкониятлари йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, мазкур ижтимоий тармоқлар орқали 200 га яқин мурожаатлар қабул қилиниб, тегишли тартибда кўриб чиқилмоқда.
Бу ўз ўрнида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқлари уларнинг ортиқча оворагарчиликларисиз ечим топишига хизмат қилмоқда.
Шароф Рашидов туманида истиқомат қилувчи А.Б Шароф Рашидов туман “Тунги чироқлар” МТП шуъба корхонаси томонидан иш хақи берилмаётганлигидан норози бўлиб, жорий йилнинг 25 февраль куни адлия бошқармасига мурожаат қилган.
Жумладан, аниқланишича, фуқаро А.Б. Шароф Рашидов туман “Тунги чироқлар” МТП шуъба корхонаси ходимлар бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келиб, 31 декабрь куни у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Бироқ, “Тунги чироқлар” МТП шуъба корхонаси фуқаро А.Б. билан тузилган 31 декабрь кунидаги меҳнат шартномаси бекор қилинган бўлсада, 2020 йил 25 февраль кунига қадар тўлаб бериши лозим бўлган 4.240.752 сўм миқдоридаги иш ҳақи тўлаб берилмаганлиги аниқланди.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг
154-моддасига асосан иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъий назар ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ, 161-моддасида меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.
Ҳолат бўйича жорий йилнинг 2 март куни Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судига даъво ариза киритилиб, даъво ариза қаноатлантирилди.
Зомин туманида яшовчи фуқаро А.А.нинг ДСЭНМ томонидан фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун компенсация тўловлари берилмаётганлиги ва ушбу пул маблағларини ундириб беришда амалий ёрдам сўраб, Зомин туман адлия бўлимига мурожаат қилган.
Ўрганиш давомида, фуқаро А.А. Зомин тумани ДСЭНМда бош врач вазифасида ишлаб келиб, 31.12.2019 йилда ўз аризасига биноан, ташкилот раҳбарининг 48-к-сонли буйруғи билан меҳнат шартномаси бекор қилинган бўлишига қарамасдан, 2017-2019 йиллар мобайнида ишлаган даврига фойдаланилмаган меҳнат таътили учун 9 905 220 сўм компенсация пуллари тўлаб берилмаган.
Мазкур ҳолат бўйича Жиззах вилояти адлия бошқармаси томонидан фуқаро А.А.нинг манфаатида “Фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун компенсация ундириш тўғрисида” Фуқаролик ишлари бўйича Зарбдор туманлараро судига даъво ариза киритилиши таъминланди.
Илғор Рашидов
Жиззах вилояти адлия бошқармаси
бўлим бошлиғи