Янгиликлар
Мухим янгилик:
Янги тахрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасида
Республикамизда турли миллат ва элат ҳамда конфессия вакиллари ўзаро тинч-тотув яшаб, ўз диний ибодат ва расм-русумларини эмин-эркин бажариб келмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири ҳам айнан – виждон ва дин эркинлигини таъминлаш ҳисобланади.
Шунга кўра, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасининг http://parliament.gov.uz веб-сайтида эълон қилинди ва лойиҳани такомиллаштиришда жамоатчилик фикрини олиш мақсадида лойиҳа сайтнинг “Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари” рукнига жойлаштирилган.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда қўшни давлатлар, шунингдек яқин ва узоқ хориждаги диний вазият, шунингдек, Ўзбекистон халқининг кўп асрлик ўзига хос тарихи, маданий-тарихий анъана ва қадриятлари инобатга олинганини алоҳида қайд этиш лозим.
Қолаверса, ушбу Қонун лойиҳасини тайёрлашда халқаро меъёрлар ва талаблар, биринчи навбатда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг умумий тартибдаги шарҳлари инобатга олингани диққатга сазовор.
Янги таҳрирдаги Қонун лойиҳасида кўзда тутилган қуйидаги асосий янгилик ва ўзгаришлар қуйидагилардан иборат, жумладан:
– диний соҳадаги қонун ҳужжатларида қўлланиладиган асосий тушунчаларга таъриф берилди;
– виждон эркинлигини таъминлашнинг ва диний ташкилотлар фаолиятининг асосий принциплари белгиланди;
– виждон эркинлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди;
– ҳар бир шахснинг диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиши, шунингдек, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз фарзандларига диний амалиёт асослари ва одоб-ахлоқ қоидаларини (уй шароитида диний таълим бериш) ўргатиш ҳуқуқи белгиланди;
– диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни таъминланишининг кафолатлари, шу жумладан юқори турувчи орган ёки судга мансабдор шахсларнинг диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) бўйича улар судга мурожаат қилганда, давлат божини тўлашдан озод этилиши мустаҳкамлаб қўйилди;
– диний ташкилот раҳбарлигига кўрилаётган чет эллик фуқаро номзодини Дин ишлари бўйича қўмита билан келишиш талаби чиқариб ташланди;
– диний ташкилот раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши тўғрисидаги талаб бекор қилинди;
– давлат хизматлари кўрсатишнинг электрон тизимига ўтиш орқали диний ташкилотни тузиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби ўрнатилди.
Шунингдек қуйидагилар белгиланди:
– рўйхатдан ўтиш жараёнида маҳалла иштироки бекор қилинди;
– диний ташкилотларнинг ҳужжатларини нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинди;
– диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасасини рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилди;
– маҳаллий диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган шахслар сони 100 тадан 50 тагача қисқартирилди;
– рўйхатга олиш органи томонидан диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатларни кўриб чиқиш учун бир ойлик муддат белгиланди;
– диний ташкилотни рўйхатга олишни рад этилиши мумкин бўлган асосларнинг тўлиқ рўйхати аниқланди;
– рўйхатдан ўтказувчи органнинг диний ташкилот фаолиятини тўхтатиб қўйиш ва тугатиш бўйича ҳуқуқи чиқариб ташланди;
– қонун талабларини қўпол равишда бузган тақдирда, диний ташкилот фаолиятини олти ойгача суд орқали тўхтатиб қўйиш институти жорий этилди.
Жиззах вилояти адлия бошқармаси
ННТ бўлими бошлиғи Ориф Ҳасанов