Янгиликлар
Ноқонуний ишдан бўшатилган ходим адлия аралашуви билан ишга қайта тикланди
Дўстлик туманида яшовчи фуқаро Н.Эгамбердиева туман адлия бўлимига “Жиззах сув таъминоти” МЧЖ Дўстлик туман филиали томонидан инспекторлик вазифасидан ноқонуний бўшатилганидан норози бўлиб, ишга тиклашда амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган. Ўрганиш натижасида мазкур жараёнда иш берувчи томонидан бир қатор хато-камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 242-моддасига асосан иш вақтининг муддати ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларга ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади. Ўрганиш жараёнида Н.Эгамбердиева ва “Жиззах сув таъминоти” МЧЖ Дўстлик туман филиали раҳбари ўртасида 2020 йил 12 август куни тузилган 28-сонли меҳнат шартномасининг 6.3.-бандида ходимга иш вақти ҳафтасига 40 (қирқ) соатни ташкил қилиши кўрсатилиб, қонунбузилишига йўл қўйилганлиги аниқланган.
Шу билан бирга Н.Эгамбердиева 2020 йил 13 сентябрдаги буйруққа асосан меҳнат шартномаси бекор қилинган бўлсада, буйруқ нусхасининг ходимга тақдим этилганини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд эмас. Аниқланган қонун бузилиш холатларини инобатга олиб “Жиззах сув таъминоти” МЧЖ Дўстлик туман филиали томонидан Н.Эгамбердиева билан бекор қилинган меҳнат шартномаси қонунга хилоф тарзда расмийлаштирилганлиги сабабли филиал бошлиғининг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруғини бекор қилиб, меҳнат қонунчилиги талабларига етарли даражада риоя қилмаган масъул ходимларга нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш бўйича Дўстлик туман адлия бўлими томонидан киритилган тақдимнома тўлиқ қаноатлантирилди.
“Жиззах сув таъминоти” МЧЖ Дўстлик туман филиали бошлиғининг 2020 йил 30 октябрдаги №142-К бўйруғи асосида ходим ишга тикланди, кадрлар бўйича етакчи мутахассисга интизомий жазо чораси қўлланилди.
Мусахон Асатуллаев
Дўстлик туман адлия
бўлими бошлиғи