Янгиликлар
Иқтисодий ислоҳотлар самараси
Истиқлол йилларида мамлакатимизда иқтисодиётни эркинлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш, хусусан, хорижий инвестицияларни жалб қилишга қаратилган кенг қамровли ишлар бажарилди. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида юртимизда ўзига хос қулай инвестицион муҳит шаклланди. Бунинг самараси ўлароқ мамлакатимиз иқтисодиёти йилдан-йилга юксалиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми юқори суръатларда ўсиб бормоқда.
Буни вилоятимиз мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин. Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан хорижий сармояни жалб килиш мақсадида ҳудуднинг ўзига хослиги, хомашё захираси ва меҳнат ресурслари имкониятларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Президентнинг шу йил 18 мартдаги "Жиззах" махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида" ги Фармони аҳамиятини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 22 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилган “Жиззахпластекс” масъулияти чекланган жамияти вилоятимиздаги энг йирик енгил саноат корхоналаридан бири ҳисобланади.
Умумий қиймати 47 милион АҚШ долларига тенг мазкур корхонада йилига 12 минг тонна пахта толаси қайта ишланиб, 10 минг тонна калава ип, 12 миллион 500 минг дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 21 миллион АҚШ доллари банк кредити, 6, миллион АҚШ доллари миқдоридаги хориж инвестицияси асосида Европа технологияси келтирилиб ўрнатилди. Натижада биринчи босқичда 1050 та янги иш ўринлари яратилди. Иккинчи босқичда қўшимча 700 иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Эътиборли томони шундаки, вилоятимиз шу пайтгача ўзи етиштирган пахтанинг 9 фоизини қайта ишлаш имкониятига эга эди. 2014-2016 йиллар давомида ишга туширилиши режалаштирилаётган йирик енгил саноат корхоналари фаолияти ҳисобига етиштирилган пахтанинг 68,5 фоизини вилоятнинг ўзида қайта ишлашни ташкил этиш кўзда тутилган. Бу эса вилоят иқтисодиётига пахта толасини сотишдан тушадиган даромад 10-12 баробарга ортади.
2013-2015 йилга мўлжалланган саноат салоҳиятини ривожлантириш дастурига мувофиқ вилоятда 243 та саноат корхонаси ишга тушиши режалаштирилган.